Евроиттифоқ етакчилари миграция сиёсати борасида келишиб олишди

14:55 29 Июнь 2018 Дунё
2258 0
Фото: ТВ Центр

Европа Иттифоқи мамлакатларининг раҳбарлари Брюсселда бўлиб ўтган саммитда қочқинларни қабул қилиб олиш масаласида ягона сиёсат борасида келишиб олишди. Бу ҳақда Европа Кенгаши раиси Дональд Туск маълум қилди.

Бундан аввал якуний ҳужжатни инкор қилган Италия бош вазири Жузеппе Конте салкам ўн соат давом этган музокаралардан сўнг келишувга имзо қўйишга рози бўлди. Якуний келишувга биноан ЕИ мамлакатлари кўнгилли равишда муҳожирларни қабул қилади, аъзо давлатлар ўртасида қочқинларни тақсимлаш кўзда тутилмайди.

Маълумки, миграция сиёсатини ислоҳ қилиниши Италия томонидан талаб қилинган эди. Амалдаги қоидаларга кўра, мигрантлар учун масъулият уларни Европа Иттифоқи ҳудудига кириб келиши билан рўйхатга олган мамлакат ўз зиммасига тушади. Бинобарин, бундай жавобгарликнинг катта қисми Жанубий Европа мамлакатлари зиммасига тушяпти.

Хусусан, 11 июнь куни Италия Ўрта ер денгизида қутқарилган мигрантлар тушган кемани қабул қилишдан воз кечди. Франция ва Испания раҳбарлари бу қарорни танқид қилди. Франция Президенти Эммануэл Макроннинг сўзларига қараганда, ЕИдаги миграция инқирози сиёсий инқирозгача етиб борди.

Келишув имзоланганидан сўнг Макрон баёнот бериб, Европа узоқ вақт мобайнида миграция босими остида яшашга мажбур бўлишини айтди. ЕИ мамлакатлари Европа қадриятларига содиқ қолган ҳолда бу чақириққа қарши туришга улгуришлари керак.

Макрон ушбу келишувни “Бугун Европа мамлакатлари ўртасидаги бирдамлик ғалаба қозонди“, дея изоҳлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер