Метрология соҳасини ривожлантириш орқали экспортга кўмаклашиляпти

23:32 29 Август 2023 Жамият
644 0

Фото: Халқ сўзи

Жондор туманидаги “Аржуманбону чорваси” фермер хўжалиги “ҳалол” халқаро сертификатига эга бўлди. Бу паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур субъект олдида янги имкониятлар эшигини очади, албатта. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Бухоро филиалидан бизга иқтисодиёт ривожига хизмат қилувчи шу каби кўплаб маълумотларни тақдим қилишди.

Филиал масъулларининг таъкидлашларича, моддий-техник базанинг мустаҳкамланиши ортидан давлат назоратини олиб бориш, метрологияни ривожлантириш, маҳсулот мувофиқлигини баҳолаш, экспортга кўмаклашиш йўналишларида муайян ютуқларга эришиляпти. Масалан, ҳудудий филиал томонидан нефть ва газ, қурилиш, кимё ва озиқ-овқат саноати корхоналаридаги қўшимча 900 та ўлчаш воситасини қиёслашдан ўтказиш йўлга қўйилди. Тегишли лабораторияларда 12 та янги синов усулини ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 37 та корхонада халқаро стандартлар талабларига мувофиқ менежмент тизимлари жорий этилди.

— Вилоятдаги 206 та тадбиркорлик субъектида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш соҳаларида семинарлар ўтказилди, — дейди Ўзбекистон миллий метрология институти давлат муассасаси Бухоро филиали бош мутахассиси Абдураҳмон Мухторов. — Семинар-тренингларга хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда 200 нафар мутахассиснинг малакаси оширилди. Бу каби тадбирлар миллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш ташаббускорлари сони ошишига олиб келяпти.

Дарвоқе, филиал жамоаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил қилинди. Журналистлар вилоятдаги бир қатор корхоналар, жумладан, “Бухоро Агрокластер ДДЗ”, “Siyovush Tekstil” масъулияти чекланган жамиятлари, “WBM Romitex” корхонасида бўлиб, маҳсулот сифатини таҳлил қилишга мўлжалланган лабораториялардаги иш жараёни билан яқиндан танишдилар.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер