Метапневмовирус: Ўзбекистонда ҳам аниқланган «янги» касаллик қанчалик хавфли?

10:06 06 Январь 2025 Жамият
584 0

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ва ОАВда дунёнинг қатор мамлакатларида метапневмовирус инфекциясининг тарқалиши ва унинг «COVID-19»дан хавфлироқ эканлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустам Икрамов мазкур ҳолат бўйича ўз жавобини маълум қилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, метапневмовирус аввалдан маълум бўлган инфекция бўлиб, у 2001 йилда аниқланган. Метапневмовирус асосан ҳаво-томчи йўли ёки ифлосланган юзалар орқали юқади. Ҳар йили ушбу вирус билан касалланиш ҳолатлари дунёнинг барча минтақаларида қайд этилади. Қўшни Қозоғистонда ҳам мазкур вирус мавжуд бўлиб, унинг мавсумий ўсиши куз-қиш ойларида қайд этилган.

Билдирилишича, метапневмовирус асосан бурун оқиши, йўтал ва иситма каби симптомлар билан намоён бўлади. Айрим ҳолларда бронхиолит ёки пневмонияни келтириб чиқариши мумкин. Шунга қарамасдан, аксарият ҳолларда беморлар асоратларсиз соғайиб кетади ва касалликни даволаш одатда уй шароитида амалга оширилади.

Ўзбекистонда ҳам мавсумий ўткир респиратор инфекциялар кўтарилиши кузатилмоқда. Лаборатория текширувларига кўра, 39,9 фоизида грипп вируси, 32,2 фоизида риновирус, 30,6 фоизида респиратор-синцитиал вирус ва 1,2 фоизида метапневмовирус аниқланган. Шу боис аҳолидан касаллик белгилари бўлган фуқаролар билан мулоқотни чеклаш ва профилактика чораларига риоя қилиш сўралмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини ортиқча хавотирга тушмасликка ва ўз саломатлигига эҳтиёт бўлишга чақиради. «Метапневмовирус янги хатар эмас, балки мавсумий инфекция эканлигини унутмаслик керак», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер