“Менинг кимлигимни эл билса бўлди...»

18:45 21 Сентябр 2023 Жамият
213 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон 80 ёшда

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Кечада ёзувчи-шоирлар, шоирнинг шогирд ва оила аъзолари, шунингдек, талаба ёшлар қатнашишди.

Тадбир аввалида шоир ҳаёти ва ижодидан сўзловчи фильм намойиш этилди.

Адабий анжуманда сўзга чиққанлар шоирнинг ижод йўли, шеър ва достонларининг аҳамияти, унинг шеъри билан куйланиб, халқимизнинг кўнгил мулкига айланиб кетган қўшиқлари хусусида сўз юритишди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид адабиёт ривожига кўрсатилаётган эътибор устоз ижодкорлар адабий меросининг барҳаётлигини таъминлашда ҳам намоён бўлаётганини таъкидлаб, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан шоирнинг “Танланган асарлар” китоби нашр этилганини айтиб ўтди.

— Омон Матжон юксак бадиий шеър ва достонлари, драматик асарларида Ватанимизга, халқимизга, ибратли қадриятларимизга меҳр ва садоқатини юксак маҳорат билан тараннум этган шоирдир. — деди профессор Баҳодир Каримов. — Унинг сермазмун асарлари халқчиллиги, ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган. Шунингдек, шоирнинг “Умр ўтар...», “Табассум қил”, “Менинг кимлигимни эл билса бўлди”, “Аввалгиларга ўхшамас” каби шеърлари халқимизнинг машҳур санъаткорлари томонидан куйланиб, миллий қўшиқчилигимиз дурдонасига айланган, десак муболаға эмас.

Тадбир давомида шоирнинг ижод йўли хусусида сўз юритилди, Омон Матжон шеъри билан айтилувчи қўшиқлар куйланди.

Тадбир сўнггида мухлисларга шоирнинг китоблари туҳфа этилди.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер