Меҳр...(Эссе)
Иллюстратив фото
(Онам Муборакхон Раҳмонованинг ёрқин хотирасига бағишлайман)
«Халқ сўзи» танловига
«Ёшлик – инсон умрининг энг беғубор ва беташвиш палласи», – деб бежиз айтилмаган экан. Ҳозир ярим асрдан ортиқ ҳаёт йўлим давомида ўша болалигим ўтган ҳовлимизни тез-тез ёдга олгим келади.
Дарвозамизнинг рўпараси, кўчанинг ўртасида бир туп катта, 4-5 кишининг қулочи етмайдиган ўрик дарахти бўларди. Бу дарахт ўша мен яшаган маҳалладаги инсонларга меҳр берган, маҳалладаги болакайлар учун яхшигина ўйин майдони эди. Ҳар тонг ҳовлиларни супуриб, сидирганимиздан кейин опам билан шу ўрик тагини ҳам супуриб, сув сепиб, шолчалар солиб, кўрпачалар тўшаб қўярдик. Чунки ўрик ғўралаб, то меваси тугагунча ундан не-не болакайлар баҳраманд бўлишмаган. Болалар-ку ўз йўлига, маҳалладаги онамнинг, биз буви дер эдик, бувимнинг тенгдош дугоналари ҳам шу ўрик салқинида суҳбат қуришар, жуда кўп ҳолларда меҳр дастурхони ёзишарди. Кун чошгоҳга келганида маҳалла аёлларининг бири устига ялпизми, райҳонми сепилган бир коса угра ош, яна бирлари пиёзли қатлама, яна бирлари аччиқина бир чойнак чой дамлаб чиқишарди. Худди шу тариқа уларнинг сафлари кенгайиб, ҳамма топган-тутганини шу меҳр дастурхонига олиб чиқарди. Уларнинг суҳбатлари чин маънодаги меҳр ва оқибат гурунги бўларди. Мен ва опам уларнинг чойлари ва идиш-товоқларидан хабардор бўлиб турардик, холос, лекин бу беғубор дилкаш базмдан биз ҳам баҳраманд бўлардик. Ўша мароқли суҳбатларга ҳам мана 40 — 45 йил бўлибди. Аммо ҳамон ёдимда. Улар нима ҳақда, ким ҳақда гаплашишган — бизга қизиқ эмас, асосийси, дарахт соясида бир-бирларига меҳр беришган, шу қатори шу атрофда ўралашиб юрган бизларга ҳам. Кечагина бир-бирлари билан узоқ гаплашиб ўтирган бўлишса ҳам, бугун соғиниб кетдим, дея бағрини кенг очадиган аёллар ҳамон кўз олдимда туради.
Йиллар ўтиб опам иккимиз Тошкентга олийгоҳга ўқишга кирдик. Ўша кунлардаги бувимнинг қувончини сўз билан таърифлай олмайман. Бу қувончни танасига сиғдира олмай дугоналарини меҳр дастурхонига чақиришди. Мақтана-мақтана бу шу меҳр дарахти тагида меҳр дастурхонида қилинган тилаклар ижобати, деб қувонарди бувижонгинам.
Лекин, лекин орадан кўп вақт ўтмай меҳр дастурхони ва унинг тагига тўшалган шолчалар бир умрга йиғилди. Фарзандларига ҳали насиҳат қилишга ёки уларни дуо қилишга улгурмаган озғингина, истараси иссиқ, кўзлари ҳамиша кулиб турадиган, уйимизга биров келса меҳмон деб ўтирғизгани жой тополмайдиган, барча-барчага бир хил она, опа, дугона, яхши суҳбатдош бўлган маҳалла аёлларини бир дастурхонга йиғиб, уларда оқибат ришталарини мустаҳкамлаган бувим тўшакка михланиб қолишди. Мустаҳкам ришталар кучи, меҳр ва оқибат кучи бора-бора узилди.
Бувимдан кейин уйимизга ўша аёллар кўп-кўп келишди. Ўша меҳрни бизга беришга ҳаракат қилишарди. Бу аёллардан ялпиз ва райҳон ҳидига қоришиб кетган угра ошларни, бувимнинг сиймосини кўрардик.
Лекин, лекин она ўрнини ҳеч қандай оқибат боса олмас экан. Мен ҳамиша ўша меҳр дастурхони атрофидаги самимий суҳбатни соғиниб яшайман. Бир устозимнинг шундай гапи бор эди: «Қўшнининг бир коса овқати қорин тўйдирмайди, лекин меҳр беради». Орадан йиллар ўтиб опам ҳам, мен ҳам, укаларим ҳам уйли-жойли, фарзандли бўлдик (Укаларим ўшанда ўйинқароқ болакайлар эди). Бувимнинг дугоналари сочларига оқ оралади, юзларига ҳаёт синовларидан ажинлар қўнди. Ҳар бор ўша ота уйимизга борганимизда, қўшни аёллар бир пиёла чой ичиб, бизга суҳбатдош бўлиш учун уйимизга чиқишади. Ўзлари билан яна бир коса овқат, кўйлаклари енгига ширинликлар шимариб, жуда бўлмаса варақ-варақ бўлиб ўсган бир тутам ўсма олиб чиқишарди. Узоқ-узоқ ўша беғубор ва маза қилиб кулишган гурунгларни эслардик. Улар бизга болалигимизни, бувимнинг самимий ва дилкаш суҳбатларини қайтаргандай бўлишарди.
Бувимдан кейин ўша аёллар кўп яшашди, лекин йилдан-йил уларнинг сафлари ҳам қисқариб бормоқда.
Энг ачинарлиси, кўчанинг нариги бошидан кўриниб турадиган ўша меҳр дарахти ҳам қуриб, қўпорилди. Не-не инсонларга суҳбатдош ошён бўлган ўрик тагига ҳеч ким келмай қолди.
Анчагина жойга соя солиб, маҳалладошларни бир жойга жамлаган баҳайбат дарахт ўрни жазирама кенглик, болакайлар ўйнаганда оёқларини куйдирадиган, биров қадам босмайдиган оқибатсиз маконга айланди.
Дарахт кўринмай қолгандан кейин, менинг юрагим ҳам бўшаб қолган, хўрлигим келиб, ота уйимга кириб келгунимча орадан ўтган йиллар, беғам-беташвиш бувимнинг дугоналарини ёдга олиб, тўлиқиб-тўлиқиб кетаман. Чунки... бу юракдаги бўшлиқни ҳеч ким ва ҳеч нарса тўлдира олмайди.
Энди-чи, фарзандларим бўйлари бўйим билан тенг бўлиб, уларнинг кичкинагина ютуқларидан қувонганимда, улар ҳақида илиқ сўзлар эшитганимда беихтиёр Сизни эслайман, бувижоним. Фарзандларим уйга хотиржам, мамнун кириб келганда ёки бирор юмуш билан кўчага чиқиб кетишаётганда уларни узоқдан-узоқ дуо қилгим келади ва беихтиёр бувим бизни дуо қилишга, насиҳат қилишга улгурмаган, деб қўшиб ҳам қўяман.
Ўша меҳр дастурхони ёпилганига 35 йил бўлди. Ҳамон, ҳамон ёдимиздасиз. Онасизлик қанчалик қийинлигини ҳис қилганимда, мен бувимга нима бердим, мени дунёга келтиргани, ювиб-тараб оёққа қўйгани, ўқитиб нонимни бутун қилгани учун, деб ўйлайман.
Булар менинг доимо хаёлимда айланадиган, менга шерик ва ҳамиша ўртоқ бўлиб келган ўйларим, холос.
Шунинг учун ҳам аёл – қадр қўрғони, меҳр – устуни, оқибат – кўприги бўлса керак.
Ҳамиша жойларингиз жаннатда бўлсин, жондан азиз азизам, кўзларим нури, юрагимнинг қуввати бўлган онажоним, Онажонгинам!
Ҳамиша бир-биримизга меҳр бериб, соғиниб яшайлик!
Раънохон РАҲМОНОВА,
Олтиариқ туманидаги 28-мактабнинг
рус тили фани ўқитувчиси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг