Меҳнатсевар одам оиласида барака бўлади — Ғиёсжон Исаев
Қувасой шаҳридаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 3160 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар туфайли қувонарли ютуқларга эришиляпти.
— Бугунги кунда бизда 54 нафар тадбиркор самарали фаолият кўрсатмоқда. Биргина мебелчиликка ихтисослашган кичик корхонада 20 дан ортиқ иш ўринлари яратилган, — дейди “Дўстлик” МФЙ раиси Ғиёсжон Исаев. — Шунингдек, боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик ҳудудимизнинг драйвери сифатида белгиланган. Шу тариқа уддабурон оилалар ўзини ўзи банд этиб, рўзғорига барака олиб кирмоқда.

Мавжуда Жунайдуллаева ўтган йили баҳорда 3 та қуён сотиб олиб, меҳр билан парваришлашга киришган эди. Ўтган қисқа фурсатда қуёнлари бош сони 60 тага етди. Файзли оила бекасининг қайд этишича, қуёнчилик кам маблағ сарфлаб, яхши даромад олса бўладиган тадбиркорлик ҳисобланади. Даромади ҳам яхши, рўзғорга барака олиб келади.
Маҳаллада тадбиркорлик, деҳқончилик каби юмушлар ортидан фаровон ҳаёт кечираётган оилалар сони йилдан йилга кўпайиб бораётгани эътиборга сазовор.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг