Меҳнат қилганга пул ўймас...
Фото: «Халқ сўзи»
Орамизда шундай замондошларимиз борки, гарчи ўзлари ёрдамга муҳтож бўлсаларда, ўзидан ошириб, бошқаларга ортинадилар. Избоскан туманининг «Гулистон» МФЙда истиқомат қилувчи I гуруҳ ногирони, 21 ёшли Табассумхон Шахобиддинова шулар жумласидандир.
15 ёшидан буён қўл меҳнати орқали турли совғалар ва буюмлар ясашнинг ҳадисини олган қиз вилоят марказидаги улгуржи бозорда ўз маҳсулотлари харидоргир эканлигидан мамнун.
— Бозорга ҳафтада тўрт кун маҳсулот чиқараман, — дейди Табассумхон суҳбатда. — Келинлар учун аксессуарлар, тақинчоқлар, сунъий гулларга талаб катта. Айниқса, тасбеҳга буюртмалар сони тобора ортиб бормоқда. Кам бўлаётганим йўқ, бир ойда 3,5-4 млн сўмгача соф даромад ишлаб топмоқдаман. Шу ҳунарим ортидан ота-онам билан биргаликда Умра зиёратини амалга оширишни ният қилганман.
Тўрт мучаси соғ бўла туриб мутасадди идоралардан ёрдам сўраб вақтини бой бергувчи айрим замондошларимиз Табассумхондан ибрат олса яхши бўларди. Зеро, қўлдан берганга қуш тўймас, меҳнат қилганга пул ўймас, деб бежиз айтишмаган.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг