Меҳнат бозорида кластер: моҳият, самара ва истиқбол

11:13 11 Февраль 2021 Иқтисодиёт
1073 0

Меҳнат бозорини бошқаришда давлатнинг бош вазифаси – меҳнат бозори субъектларининг манфаатларини бир мақсадга, яъни ўзаро манфаатли самарали бандликни таъминлашга йўналтириш, бу жараённи тартибга солиш механизмини такомиллаштиришдан иборат. Кенг маънода бу механизм меҳнат бозори амал қилишининг иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий, психологик омилларини ўз ичига олади.

Президентимиз таъкидлаганидек, «ўз-ўзидан аёнки, биз аҳоли бандлигини таъминлашни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, бу масалага нафақат сон, балки сифат жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамият беришимиз зарур».

Бунда ҳудудий меҳнат бозори шаклланишига инновацион ёндашувларни қўллаш, жумладан ҳудудларда кластер тузилмаларини яратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бинобарин, кластер – манфаатдор субъектлар (таълим, ҳокимият, тадбиркорлик субъектлари) кучларини бирлаштиришнинг, уларни бир-бирига манфаатли боғлашнинг ташкилий шаклидир.

Кластерларни шакллантириш ва уларнинг муваффақиятли амал қилиши учун ҳудудларда фойдаланилмай ётган давлат объектлари мавжуд бўлиб, улар манфаатдор субъектлар кучларини бирлаштириш учун асос ва манба бўлиб хизмат қилади. Бу жараёнда энг асосий вазифа – муайян касбий тайёргарликка эга бўлган ишчи ва мутахассисларга нисбатан юзага келадиган эҳтиёжни қондириш ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, кластер тузилмалар орқали бизнес тузилмалар томонидан муайян миқдордаги зарур ишчи кадрлар ва мутахассислар бўйича «буюртма»лар бериш, уларни иш берувчи талабига мувофиқ замонавий, жаҳон андозалари асосида ҳудудий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари кўмагида касбга ўқитиш ва қайта ўқитиш учун шароит яратилади.

Бу эса ўз навбатида, ҳудудий меҳнат бозоридаги долзарб муаммолардан бири бўлган малакали ишчи кадрлар етишмаслиги муаммосини бартараф этишга, ҳудудий меҳнат бозоридаги кескинликни, босимни юмшатишга, самарали меҳнатда бандликни таъминлашга кўмаклашади.

Ҳудудларда кластер тузилмаларининг яратилиши меҳнат бозорида интеграциялашган уч даражали тизимни шакллантириш ва ушбу тизимни бошқариш механизмини ишлаб чиқиш учун эса бу даражаларнинг аҳамиятини аниқлаб олиш талаб этилади.

Хусусан, биринчи даража ёки тизим асоси бўлган бозор шароитларида таклиф этилаётган меҳнатга мослашиш бўлиб, иккинчи даража ўз ичига олий ва ўрта махсус таълими дастурлари билан уйғунлаштирилган узлуксиз таълимнинг барча дастурларини ишлаб чиқишни, учинчи даража эса қўшимча касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича Марказлар яратишни кўзда тутади. Бу билан ҳудудий меҳнат бозоридаги ҳамда тармоқлар (қишлоқ хўжалиги, саноат, фармацевтика ва ҳ.з.)даги кластер тузилмаларини макро даражадаги меҳнат бозори билан боғлаш имкони яратилади.

Иқтисодиётни инновацион ривожлантириш шароитида меҳнат бозорини интеграциялашган ижтимоий-иқтисодий кластер тузилмасининг элементлари ҳисобланган ҳудудий инфратузилма (бизнес сектор ёки иш берувчилар) ва ҳудудий тузилма (давлат сектори) хамда ёлланувчилар вакили (нодавлат сектор) ўртасидаги муносабатларни ижтимоий шериклик асосига қуриш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Шуни алоҳида эътиборга олиш жоизки, ўзини ўзи иш билан таъминлаётган меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий бизнесини ривожлантириб юбориш учун ҳам уларнинг фаолият соҳаларида микрокластер тузилмаларини яратиш зарурати мавжуд. Ушбу микрокластер тузилмалари «маълумот бериш – таъминот – ишлаб чиқариш – маркетинг» принципида ишлаб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун кредит олган оилаларда ўзини ўзи иш билан таъминлаётган меҳнатга лаёқатли аҳолига кўмаклашади. Бу микрокластер тузилмалари ёрдамида «давлат – бизнес тузилма – оила – бизнес тузилма – давлат» манфаатлари таъминланади.

Зафар ХУДАЙБEРДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер