МДҲ Ижодкор ва илмий зиёлиларининг ХV форуми

18:20 12 Декабрь 2022 Жамият
326 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Бугун Тошкентда МДҲ Ижодкор ва илмий зиёлиларининг ХV форумининг биринчи куни бўлиб ўтди. Унда Ҳамдўстлик давлатларидан 200 га яқин делегатлар иштирок этди.

МДҲ Ижодкор ва илмий зиёлиларининг форумлари 2006 йилдан бошлаб турли мамлакатларда навбатма-навбат ўтказиб келинмоқда. Улар Ҳамдўстлик мамлакатларида ҳар йили ўтказиладиган энг йирик гуманитар тадбирлар бўлиб, унда ўтган йил якунлари сарҳисоб қилинади, қўшма ҳаракатлар режалари муҳокама қилинади, фан, таълим, маданият, ахборот, туризм, спорт, ёшлар билан ишлаш соҳаларида ҳамкорликнинг энг долзарб масалалари бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистонда илк бор Ижодкор ва илмий зиёлилар форуми ўтказилмоқда. ХV форумнинг мавзуси — "Гуманитар ҳамкорлик — ўттиз йиллик тажриба ва ривожланиш истиқболлари" замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда, ҳамкорлик режаларини муҳокама қилиш ҳамда ишнинг устувор йўналишлари ва шаклларини белгилашни назарда тутади.

Пленар йиғилишларда ва ихтисослаштирилган бўлимларда олимлар, педагоглар ва санъаткорлар касбий ҳамкорликнинг турли жиҳатларини: таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг янги форматлари, ёшлар билан ишлашда узлуксизлик ва инновациялар, маданиятлараро мулоқотни шакллантириш, адабиёт ва китоб нашриёт соҳасида ҳамкорликда интеграция механизмларини муҳокама қилдилар. Марказий давра суҳбати МДҲда "Халқ ижодиёти ва маданий мероси йили" деб эълон қилинган йилнинг асосий мавзусига бағишланади.

Санъат, фан ва таълим соҳасидаги улкан ютуқлари учун бериладиган МДҲнинг Давлатлараро бош мукофоти — "Ҳамдўстлик юлдузлари" лауреатларини тантанали тақдирлаш маросими Форумнинг кулминацион нуқтаси бўлди. МДҲ давлатларининг ёшлар мукофоти — "Ҳамдўстлик дебютлари" совриндорлари ҳам ўз мукофотларини олди.

Анъанага кўра, Форум доирасида Ҳамдўстлик маданияти пойтахтлари эстафетаси топширилади. Бу йилги пойтахт Қирғизистоннинг Қоракўл шаҳри пойтахт мақомида бўлиш тажрибасини МДҲ-2023 бош маданият маркази Санкт-Петербург билан ўртоқлашади.

Форумларнинг яна бир анъанаси — МДҲ давлатларининг гуманитар соҳадаги ҳамкорликдаги фаолиятини акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этишдир. Бу сафарги кўргазма Ҳамдўстлик мамлакатларидаги мавзули йилларнинг асосий тадбирларига бағишланади.

Форумнинг маданий дастури доирасида МДҲ давлатларининг Ёшлар симфоник оркестри чиқишлари бўлиб ўтди. Оркестрни яратиш ИФГСнинг муҳим лойиҳаларидан биридир. Жамоа биринчи марта 2007 йилда йиғилган. Унга анъанавий тарзда Ҳамдўстлик давлатларидан нуфузли мусиқа танловлари ғолиблари бўлган ёш мусиқачилар киради. Йиллар давомида таниқли дирижёрлар Юрий Симонов, Владимир Спиваков, Василий Валитовлар оркестрга раҳбарлик қилишади. Бу гал Ўзбекистон Ёшлар симфоник оркестри жамоа таянчига айланди. Дирижёрлик шоҳсупасида Россия халқ артисти Сергей Скрипка, озарбайжонлик дирижёр Муртазо Булбул ўғли, ўзбекистонлик Алибек Кабдурахмонов ва туркманистонлик Расул Қиличевлар туради. Озарбайжон халқ артисти Полад Булбул ўғли яккахон ижрочи сифатида иштирок этди.

Форум Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Ҳамдўстликнинг етакчи ташкилоти бўлган, гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг барча йўналишларини мувофиқлаштирувчи ва кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширувчи МДҲга аъзо барча давлатларни бирлаштирган Гуманитар ҳамкорлик давлатлараро фонди (ГҲДФ) томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

“Халқ сўзи”,
Фото: Юнус Бўриев/“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер