Мажбурий ижро бюроси рақамлаштирилса, иш самарадорлиги ошадими?
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармасининг 2023 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжуманида суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этиш соҳасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, мазкур соҳада кечаётган ислоҳотлар хусусида бошқарма бошлиғи Суръат Жабборов ахборот берди.
Қайд этилганидек, 2023 йил давомида бошқарма томонидан 547 487 та ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро тадбирлари амалга оширилган. Шундан 314 445 таси юзасидан якуний қарорлар қабул қилиниб, 2,3 триллион сўм ундирилиши таъминланган. Бюронинг Самарқанд туманлараро бўлими томонидан олиб борилган соддалаштирилган ижро ҳаракатлари давомида, яъни ахборот коммуникация технологиялари ёрдамида 159 012 та ҳужжат ижро этилиб, 63,1 миллиард сўм пул маблағи ундирилган.

— Тизимни рақамлаштириш ишлар амалга оширилмоқда, — дейди С. Жабборов. — Ходимларимизнинг иш юкламаси катта, улар эшикма-эшик юрмаслиги керак. Агар ижро тадбирини тўлиқ онлайн амалга ошира олсак, иш самарадорлиги ошади, шунинг баробарида инсон омили билан йўл қўйиладиган турли хатоликларнинг олди олинади.
2023 йилда бошқарма тизимидаги 70 нафар ходимга нисбатан 30 та хизмат текшируви ўтказилди. Натижада 38 нафар ходим томонидан ўз вазифасига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги ўз тасдиғини топди, шундан 5 нафари бюро органлари тизимидан бўшатилди.
Ҳисобот даврида 203,5 миллиард сўмдан ортиқ алимент ундирилган. Фуқаролар ўртасида олиб борилган профилактик суҳбатлар натижасида 7 207 та оила яраштирилган.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг