Мавзуга қайтиб...Бу иссиқхоналарнинг эгаси борми?

15:27 20 Октябр 2022 Жамият
840 0

Фото: Халқ сўзи

Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг ёзида Фарғона туманидаги Миндонобод даҳасида қаровсизликдан қуриб-қақшаб ётган 2,5 гектар ердаги иссиқхоналар ҳақида «Халқ сўзи» газетаси ва сайтида танқидий мақола эълон қилинган эди.

Маълум бўлишича, 2020 йили Фарғона тумани Миндонобод даҳасида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 2,5 гектар ерда иссиқхона ташкил этилиб, ҳудуддаги кам таъминланган, ишсиз оилаларга ажратилган. Шу тариқа иссиқхоналар 2 сотихдан 125 та оилага, 50 фоизи субсидия, қолган тенг ярми АТБ «Туронбанк»нинг имтиёзли кредити эвазига тақсимлаб берилган.

Аммо яхши ниятда бошланган ишлар якунига етмай қолган. Бугун чала қолиб кетган иссиқхоналар ҳолига маймунлар йиғлайди. Аслида 125 та оиланинг мушкулини осон қилиб, тирикчилигига бакор келиши керак бўлган иссиқхоналарнинг ўзи мажолсиз бемор каби ёрдамга, мададга муҳтожлигини қандай изоҳлаш мумкин?

— Лойиҳада тик суғориш қудуғи ўрнатиш кўзда тутилмагани учун иссиқхонадан ҳалигача фойдаланиш имконияти бўлмаяпти, — деган эди ўшанда Фарғона тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Абдураҳимов. — 2022 йилнинг июнь ойида Республика ишчи гуруҳи келиб вазиятни жойида ўрганди. Муаммони бартараф этиш учун Фарғона вилояти ҳокими топшириғи асосида вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобига битта тик суғориш қудуғи ўрнатиб бериладиган бўлди.

Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади: ушбу иссиқхоналар ҳақиқатан муҳтож оилаларга берилганми? Унда нега шунча вақтдан буён иссиқхонали бўлган оилалар бу ердан даромад олишга қизиқмаяпти? Тўғри, танқидий мақоладан сўнг иссиқхонада бироз ҳаракатлар бошланган. Аммо баъзи иссиқхоналарга экилган экинлар эътиборсизликдан бугунги совуқ кунларда «қақшаб» ётибди...

АТБ «Туронбанк» Фарғона вилояти филиали мутасаддиларининг қайд этишича, бу ерда «Устоз-шогирд томорқа хизмати» МЧЖ томонидан иссиқхона қурилиши ишлари олиб борилиб, банк томонидан ажратилиши керак бўлган кредит маблағи тўлиқ молиялаштириб берилган. Аммо сув таъминоти масаласи охиригача ҳал этилмагани сабабли ўтган давр мобайнида иссиқхонага ёпилган плёнкани шамол учириб кетди, 2,5 гектар ердан ҳамон ҳосил олинмаяпти.

Фарғона вилояти бандлик бош бошқармаси маълумотида келтирилишича, «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 5-бобида «Енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун субсидия ажратиш» тартиби белгиланган. Ўрганиш натижасига кўра етказиб берувчи ташкилот, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ва томорқа ер эгаси ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Шундан сўнг аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан уч томонлама шартнома асосида субсидия ажратиш тўғрисида марказ раҳбарининг буйруғи расмийлаштирилади ва тегишли тўлов амалга оширилади.

Фарғона тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 125 нафар фуқаро учун Фарғона тумани ҳокимининг 2020 йил 25 август кунги қарорига асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун мўлжалланган енгил типдаги иссиқхона барпо этиш мақсадида 836 миллион сўмдан ортиқ маблағ «Устоз-шогирд томорқа хизмати» МЧЖга молиялаштириб берилган.

Хуллас, гувоҳи бўлганимиздек, зарур кредит ҳам, субсидия ҳам ажратилган, бироқ амалда ҳеч бир силжиш йўқ.

Дарвоқе, яқинда фаолиятида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани учун Фарғона тумани ҳокими ишдан олинди. Туманга янги раҳбар тайинланди. Умид қиламизки, эндиликда юқорида келтирилган муаммо ижобий ечимини топади. Ахир бугун ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир пайтда бундай ҳолатга панжа орасидан қараб бўлмайди, шундай эмасми?!

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер