Матонатли муаллим маҳорати

11:26 13 Апрель 2026 Жамият
204 0

Дард сўраб турмайди, дейишганича бор. Шусиз ҳам қўлтиқтаёққа таяниб университетга келаётган, машғулотларга фаол қатнашаётган талабанинг соғлиги ёмонлашди. Оёқлари буткул ишламай қолди. Энди у икки йўлдан бирини танлашга мажбур эди. Ўқишдан воз кечай деса илмли бўлиш орзуси армонга айланади. Воз кечмай деса оёқ қурғур панд беряпти. Шунда унга курсдошлари, устозлари кўмакка келди. Йигит улар ёрдамида университетга ногиронлик аравачасида қатнай бошлади. Ва ниҳоят ниятига етди. Олий маълумотли бўлди.

Гап Шофиркон туманидаги Жўшўра қишлоғида яшовчи имконияти чекланган Дониёр Ғайбуллаев ҳақида бормоқда.

— Бухоро давлат университетида биргаликда таҳсил олган курсдошларим ҳамда устозлардан бениҳоя миннатдорман, — дейди у. — Улар мени асло ёлғизлатиб қўйишмади.

Қадрдон қишлоғига қайтган Дониёр репетиторлик билан шуғулланиш фикрига келди. Лекин уйда бунинг учун шарт-шароит қайда, дейсиз?

— Ўшанда бир ўқувчи билан иш бошлагандим, — дея эслайди қаҳрамонимиз. — Кўрпача устида машғулот ўтардим. Уйимиз томи шифер қилинмаганди. Ёғин-сочинли кунларда юрагимни ҳовучлаб турардим. Негаки, томдан чакки ўтарди. Айниқса, қишда қийин бўларди. Хонани қўлбола печда кўмир, тараша ёқиб иситардик. Чироқ ўчиб қолган пайтларда шам ёруғида машғулот ўтишимга ҳам тўғри келган. Вақт ўтган сайин математика ва ментал арифметикадан сабоқ олиш ниятидаги шогирдларим сони кўпая борди. Жой эса тор эди.

Имконияти чекланганига қарамай ўғил-қизларга замонавий фан сирларини қунт билан ўргатаётган Дониёр Ғайбуллаевнинг номи ён-атрофга овоза бўлди. Маҳалла ижтимоий хизмат ходими воситасида бу заҳматкаш педагогнинг муаммолари ўрганилди. Пировардида ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан ўзига хос лойиҳа амалга оширилди. Дониёр учун ўқув маркази биноси қуриб берилди. У доска, парта ва бошқа зарур ўқув қуроллари билан жиҳозланди.

— Давлатимиздан миннатдорман, — дейди Д. Ғайбуллаев. — Менга ёрдам қўлини чўзганлардан ҳам. Ўн йил аввалги ҳаётим билан ҳозиргиси ўртасида еру осмончалик фарқ бор. Биласизми, ижтимоий ҳимоя тизими менга ўхшаган имконияти чекланганларнинг қалбига ёруғлик олиб кирмоқда. Мана, бир мисол. Илгари механик аравача воситасида ҳаракатланардим. Уни жойидан силжитишнинг ўзи бир муаммо эди. Электрон аравача ажратилгач ташвишим енгиллашди. Ҳозир армоним йўқ, дея баралла айта оламан. Жамиятга, одамларга кераклигингни ҳис этиб яшашнинг гашти бўлакча.

— Бугина эмас, Дониёр Ғайбуллаевнинг даволаниши учун ордер ҳам берилди, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси матбуот котиби Зарнигор Нафиддинова. — «Баркамол авлод» болалар марказига ишга жойлаштирилди. «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўзи ва акасига уй таъмири учун моддий ёрдам ажратилди. Турмуш ўртоғига бола нафақаси тайинланди. Акаси расмий қаровчи этиб белгиланди. Шогирдларига келсак, у билим беришгина эмас, балки сабр-тоқати, меҳнатсеварлиги, қатъияти билан уларга ибрат кўрсатмоқда. Матонатли муаллим ўз маҳорати билан ёшлар иштиёқига иштиёқ қўшиб, уларнинг ўзларига бўлган ишончларини мустаҳкамлаяпти. Ана шулар ҳисобга олинган ҳолда у ўтган йилда «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Дарвоқе, қатъиятли педагогнинг меҳнати ўз самарасини кўрсатмоқда. Унинг ўқув марказида таҳсил олган кўплаб ўғил-қизларни ҳозир Президент мактаби ўқувчилари қаторида кўриш мумкин. Сабрина Асқарова, Суҳроб Рўзибоев, Миршод Сиддиқовга ўхшаган тиришқоқ шогирдлари эса математика бўйича ўтказилган республика фан олимпиадаси ғолибларидан саналади. Айни пайтда чекка қишлоқларда яшовчи қирқ нафардан зиёд ўғил – қиз мактабдаги сабоқдан сўнг Дониёр Ғайбуллаевнинг ўқув марказида билимларини мустаҳкамламоқда. Муаллим оилавий аҳволини ҳисобга олган ҳолда бу болаларнинг айримларини бепул ўқитади.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер