Марказий Осиё ва Хитой савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Жорий йилнинг 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов видеоконференция тарзида “Марказий Осиё – Хитой” ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолиятига масъул вазирларнинг биринчи йиғилишида иштирок этди.
Суҳбат чоғида Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан ХХР ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, жумладан, савдо тартиб-таомилларини эркинлаштириш ва соддалаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, кўп томонлама савдо тизимини кенгайтириш, маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳажмини ошириш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида фикр алмашилди.
Лазиз Кудратов ўз нутқида “Марказий Осиё – Хитой” минтақасининг улкан транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини, шунингдек, юк ташишнинг узлуксизлигини таъминлаш ва трансчегаравий логистика тармоқларини ривожлантириш бўйича тизимли ечимларни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Ҳудудлараро ривожланишни чуқурлаштириш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги ўсиш нуқталарини кашф этиш мақсадида жорий йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ҳудудлари раҳбарларининг форумини ўтказиш таклиф этилди.
Рақамли савдони кенгайтириш доирасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. “Рақамлаштириш даврида иқтисодиёт ва савдони ривожлантириш дастури”ни ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди. Унда минтақа мамлакатлари ИТ-парклари негизида “Интеллектуал Ипак йўли» қўшма платформасини яратиш кўзда тутилган.
Учрашув иштирокчилари имзоланиши режалаштирилган савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, “Хитой – Марказий Осиё” доирасида рақамли савдо соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандумлар муваффақиятли келишилганини мамнуният билан қайд этдилар.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Марказий Осиё давлатлари ва Хитойнинг иқтисодий фаолияти иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва ХХР ўртасида саноат, инвестициялар, иқтисодиёт ва савдо соҳаларида ўзаро манфаатли муносабатларни янада кенгайтиришга қаратилган ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ниятларини билдирдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг