Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
Марказий банк бошқаруви 2026 йил 28 январдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақида регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, 2025 йилда иқтисодий фаоллик кутилганидан юқори даражада шаклланган ва бу жараёнда барқарор ялпи талаб омиллари устувор бўлган.
«Омиллари таъсирида хизматлар инфляциясининг нисбатан юқори сақланиб қолиши, шунингдек, айрим озиқ-овқат товарлари нархлари ўсиши умумий инфляциянинг барқарор пасайишига муайян хатарлар туғдирмоқда. Ушбу шароитда пул-кредит сиёсатининг жорий қатъий даражада сақлаб қолиниши инфляциянинг барқарор пасайиш траекториясида шаклланишини таъминлайди», — дейилади Марказий банк хабарида.
Келгуси чоракларда ҳам инфляция ва инфляцион кутилмалар барқарор пасайишда давом этган тақдирда, тартибга солинадиган нархлар ўзгаришидан келиб чиқиб, пул-кредит шароитлари қатъийлигини сақлаб қолган ҳолда асосий ставкани пасайиш томонга кўриб чиқиш имкониятлари юзага келиши ҳам қўшимча қилинган.
2025 йил декабрь ойида умумий инфляция прогноз доирасида шаклланиб, йиллик 7,3 фоизгача пасайган. Инфляциянинг пасайишига қатъий пул-кредит шароитлари, алмашув курсининг мустаҳкамланиши ва импорт нархлари таъсирларида базавий инфляциянинг секинлашиши ҳисса қўшган. Хусусан, декабрь ойида базавий инфляция йиллик ҳисобда 5,7 фоизгача пасайган.
Хизматлар инфляцияси маълум даражада секинлашганига қарамасдан, талаб омиллари таъсирида умумий инфляциядан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар пасайиш тенденциясидан тўхтаб, декабрь ойида бироз ўсиши қайд этилган. Маълум қилинишича, ушбу омиллар инфляцияни таргет даражасигача барқарор пасайтириш учун пул-кредит шароитларини узоқроқ муддат қатъий сақлаб қолиш зарурлигини кўрсатади.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Юқори инвестицион фаоллик, фискал харажатлар ва пул ўтказмаларининг ортиб бориши иқтисодиётда даромадлар ўсиши ҳамда истеъмол талабини жорий йилда ҳам рағбатлантирувчи омил бўлади.
Бундан ташқари, айрим асосий озиқ-овқат товарлари таклифи билан боғлиқ хатарлар ҳамда қиш мавсумида таъминотдаги узилишлар келгуси ойларда озиқ-овқат ҳамда хизматлар нархларига оширувчи таъсир кўрсатиши мумкин.
Ташқи иқтисодий муҳитда ноаниқликлар сақланиб қолишига қарамасдан умумий таъсирлар нисбатан мўътадил бўлиши кутилмоқда. Асосий савдо ҳамкор мамлакатларда инфляция пасайиш трендига ўтди, жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатлари кутилганидан юқори шаклланди.
Шунингдек, қимматбаҳо металлар нархларининг юқори даражада ўсиши келгусида ҳам экспорт тушумлари ва бюджет даромадлари таркибида салмоқли улушга эга бўлиши прогноз қилинмоқда. Ички валюта бозорида хорижий валюта таклифининг экспорт тушумлари, хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари субъектларининг қўллаб-қувватланиши 2025 йилда сўмнинг 6,9 фоизга мустаҳкамланишига хизмат қилган. Бу, импорт инфляцияси босимини камайтиришга ва долларлашув даражасини пасайтиришга ёрдам берди ҳамда ташқи қарзга хизмат қилиш харажатларини камайтирди. Келгуси ойларда ҳам ташқи шароитларнинг нисбатан қулай ва реал самарали алмашув курси динамикасини мувозанатли даражада шаклланиши бўйича кутилмалар мавжуд.
Жорий иқтисодий ва инвестицион фаоллик фонида йил якуни бўйича иқтисодий ўсиш суръатлари 6,5-7 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Банк тизимида ликвидлик профицитининг сақланиб қолиши фонида ликвидликни жалб қилиш операцияларини жадаллаштирилиши пул бозори ставкалари асосий ставкага яқин 13,5-13,8 фоиз атрофида шаклланишини таъминлади. Натижада, ижобий реал фоиз ставкалар иқтисодиётда миллий валютадаги жамғармаларни рағбатлантириб, пул-кредит шароитларини қатъийлаштирувчи омил бўлиб қолмоқда.
«Юқори ялпи талаб омиллари хусусан, фискал рағбатлантиришлар ҳамда юқори чакана кредитлаш суръатлари шароитида асосий ставкани жорий қатъий даражада сақлаб қолиш инфляцион хатарларни жиловлашга хизмат қилади. Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли даражагача пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлашга қаратилган бўлиб қолади», — дейилади хабарда.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 18 март кунига белгиланган.
Асосий ставка нима ва у ҳаётимизга қандай таъсир кўрсатади?
Асосий ставка — Марказий банкнинг бошқа тижорат банкларига қарз бериш фоизидир. Марказий банк тижорат банкларига пулни айнан шу ставка асосида етказиб беради. Ўз навбатида, тижорат банклари ушбу ставкадан келиб чиқиб, аҳолига кредитлар ажратади ёки омонатлар қабул қилади. Агар асосий ставка 14 фоиз бўлса, демак, банклар учун пулнинг таннархи шу даражадан бошланади.
Асосий ставка қандай ишлайди?
Асосий ставка иқтисодиётнинг «термостати» вазифасини ўтайди. Агар мамлакатда нарх-наво ҳаддан ташқари тез ўсиб кетса (инфляция кучайса), Марказий банк ставкани кўтаради. Бу иқтисодиётни «совитиш» учун қилинади: кредитлар қимматлашади, одамлар камроқ қарз олади ва кўпроқ пул жамғаришга ҳаракат қилади. Натижада бозорда пул камайиб, нархлар ўсиши секинлашади. Аксинча, иқтисодиёт сустлашса, ставка туширилади — арзон кредитлар ҳисобига тадбиркорлик ва савдо-сотиқ ривожланади.
Нима учун асосий ставка 14 фоизда ўзгаришсиз қолдирилди?
Бугунги кунда ставканинг 14 фоизда ўзгаришсиз қолиши иқтисодиётда «олтин ўрталик»ни сақлашга интилишдир. Бу бир вақтнинг ўзида ҳам нархларнинг кескин ошиб кетишини жиловлайди, ҳам банклардаги омонатлар даромадлигини сақлаб қолади. 14 фоизлик кўрсаткич — бу пулни қадрсизланишдан ҳимоя қилиш ва иқтисодий ўсишни бир маромда ушлаб туриш учун танланган эҳтиёткор йўлдир.
Асосий ставканинг ўзгармаслиги оддий инсон учун бир неча муҳим хулосаларни беради:
Биринчидан, миллий валютадаги депозитлар ҳали ҳам фойдали бўлиб қолмоқда. Банклар таклиф қилаётган 22-24 фоизли омонатлар инфляциядан сезиларли даражада юқори даромад келтиришда давом этади.
Иккинчидан, кредитлар бўйича фоизлар яқин орада кескин тушмайди, лекин кескин кўтарилмайди ҳам. Барқарорлик сақланиб қолади.
Учинчидан, бу қарор кундалик эҳтиёж моллари нархининг кескин кўтарилиб кетмаслигига хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, асосий ставка — бу иқтисодий барқарорлик кафолатидир. Унинг 14 фоиз даражасида сақланиши мамлакатда пулнинг қадри ва харид қобилиятини ҳимоя қилишга қаратилган энг муҳим қадамлардан биридир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг