Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
Марказий банк бошқаруви бугун, 18 мартдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, айрим озиқ-овқат нархлари ошиши ҳисобига инфляция пасайиши секинлашган, базавий инфляция эса ошган: февралда умумий инфляция йиллик 7,3 фоизни, базавий инфляция 6,3 фоизни ташкил этган. (Инфляцион кутилмалар: аҳоли 11,2 фоиз, тадбиркорлар 10,8 фоиз.)
Йиғилишда қайд этилишича, ялпи талаб ҳисобига иқтисодий фаоллик юқори даражада сақланмоқда, хусусан январда: чакана савдо 14,7 фоизга, улгуржи савдо 15,6 фоизга, умумий овқатланиш 18,9 фоизга, саноат 7,8 фоизга, хизматлар 14,8 фоизга ва қурилиш 9,2 фоизга ўсган.
Геосиёсий кескинликлар кучайиши глобал таъминот узилишлари, энергия ва озиқ-овқат нархлари ҳамда логистика харажатлари ошишига олиб келиб, импорт орқали ички инфляцияга қўшимча босим яратиши мумкин.
Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли даражагача пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлашга қаратилган бўлиб қолади.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 29 апрель кунига белгиланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг