Марказ нега вазирлик тасарруфига ўтказилди?

Президентимизнинг 2018 йил 19 апрелдаги Фармонига асосан “Юқори технологиялар ўқув-тажриба маркази” давлат корхонаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тасарруфига ўтказилиб, “Илғор технологиялар маркази”га айлантирилди.
Негаки, ҳам илмий жиҳатдан, ҳам инфратузилма нуқтаи назаридан ноёб ҳисобланган марказни молиялаштириш йилдан-йилга камайиб, бу эса, ўз навбатида, кадрлар танқислиги юзага чиқишига, бино ва ноёб асбоб-ускуналарни сақлашда қийинчиликларни келтириб чиқараётган эди. Қолаверса, марказ салоҳиятидан тор доирада фойдаланилар, фақат шу ергагина оид бўлган лойиҳалар амалга оширилар эди.
Муассасанинг “Илғор технологиялар маркази” сифатида фаолият юритиши эса тармоққа янгича ёндашилаётганидан далолатдир. Чунки айни шу тадбир орқали вазирликка марказ илмий-тадқиқот ишларини самарали шакллантиришни таъминлаш, уларнинг замонавий илм-фан талаблари ва жаҳон ютуқлари даражасида чиқариш вазифаси юклатилди. Шу билан бирга, бу ерда амалий йўналиш ва маҳсулдорликка катта эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, мамлакатимиз илмий ва таълим муассасалари олимларига унинг базасида ўз ғоя ҳамда технологияларини ишлаб чиқиш имконияти яратилади. Энг муҳими, улар келажакда ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларига татбиқ этилади. Бу эса халқаро илмий-техник ҳамкорлик ишларни жадаллаштириб, инвестицияларни жалб этишда қўл келади.
Д. УЛУҒМУРОДОВ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг