«Маърифат ва саховат карвони»: очиқ мулоқот ва ижтимоий кўмак
Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». Нурафшон шаҳрида «Маърифат ва саховат карвони» орқали бир қанча ташкилот раҳбарлари аҳоли билан очиқ мулоқот қилмоқда. Бу карвон маҳаллалар бўйлаб йўлга чиқар экан, ижтимоий-маиший муаммолар ўрганилади, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилади, ёшларга касб-ҳунар ва таълим соҳалари бўйича маслаҳатлар берилади.
— Бу тадбирнинг асосий мақсади — инсон қадри ҳар нарсадан устунлигини амалда кўрсатиш. Шу жиҳатдан ҳар бир фуқарони рози қилиш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилганига маҳалламиз мисолида ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз, — дейди Учқун маҳалласида яшовчи Лазокат Холдорова.


«Маърифат ва саховат карвони» тадбирлари доирасида Нурафшон шаҳридаги 22 та маҳаллада истиқомат қилувчи 539 та эҳтиёжманд оила ҳолидан хабар олиш кўзланган. Бунинг учун 4 та кўмак гуруҳи тузилган бўлиб, уларга 108 нафар масъул бириктирилган. Мутасаддилар хонадонма-хонадон юриб, оилаларнинг аҳволидан хабар олмоқда, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганмоқда.
Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга биринчи тиббий ёрдам тўпламлари, дори-дармон ва шахсий гигиена воситалари, мактаб ўқувчилари учун ўқув қуроллари, ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналаридан иборат китоблар жамламаси топшириляпти.


Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг