“Маърифат карвони” маънавият ва маърифат зиёсини улашди
Саминжон ҲУСАНОВ/“Халқ сўзи”. Мамлакатимиз бўйлаб “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Андижон вилоятида уч кун давом этган “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги тадбирларда республика маънавият тарғиботчилари ва вилоятдаги кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Унда Янги Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги тараққиётини барпо этиш, янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилган ишлар, келгусидаги муҳим вазифа ва мақсадлар, кенг қамровли ислоҳотлар хусусида тўлиқ маълумотлар берилди.
— Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, илғор ёшларга, жонкуяр зиёлиларга, Ватан равнақи йўлида бирлашган халққа эга бўлган давлатгина ўз миллий манфаатларини таъминлашга эриша олади, — дейди Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматов. — Шунинг учун тарғибот тадбирлари давомида илм-фан, маънавият, маданият ва санъат соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг илмий таҳлили, уларнинг жамиятдаги аҳамияти, бу борада зиёлиларнинг, фаол ёшларнинг иштирокини янада шакллантириш, инновацион ғоялар тармоғини ривожлантириш масаласига кўпроқ эътибор қаратдик. Бу борада “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари”, “Янги Ўзбекистон – ислоҳотлар фалсафаси”, “Замонавий ёшлар – тараққиёт драйвери” каби мавзулардаги тадбирлар, шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда хориждаги ватандошларимиз иштирокида бўлиб ўтган лойиҳалар муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Тадбирлар якунида “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғиботида фаол иштирок этаётган бир гуруҳ соҳа вакиллари тақдирланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг