Мақсуд Шайхзодани ўқиб...
Асалари билан инсон боласи ўртасидаги фарқ ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Йигирма кунлик асаларини гулдан гулга қўниб, асал йиғаётганини кўп кўргандирсиз. Инсон фарзанди эса фақатгина икки ёшдан оёққа туради, гапиришни ўргана бошлайди. 6-7 ёшида мактабга боради. Ўқишни, ёзишни ўрганади. Лицей, университетни тугатгунига қадар кўп ўқийди, ўрганади, интилади, изланади. Чунки яшаш учун ҳаётни, инсонларни ўрганишга муҳтождир.
Шабан Дўян
Асалари дунё ҳаётига мукаммал ҳолда юборилган. Инидан чиқар чиқмас мавжудотларга манфаати тегишдан бошланади. Инсоннинг нафи у олган билим ва унинг самарасига боғлиқ бўлиб қолаверади. Инсон умр бўйи ўқишга муҳтож. Шунинг учун бешикдан қабргача илм олишга, ўқишга буюрилган.
Ўқилаётган китоблар бизга руҳий озуқа беради, туйғуларимизни тарбиялайди. Болалигида мутолаага кўнгил қўймаган, уни одатга айлантирмаган, усиз яшай олмайдиган одам, бир сўз билан айтганда, ҳаётини китобсиз кечирадиган одам мақсадсиз одамдир.
Чунки ундай одамнинг руҳан шаклланиши улуғ мураббийлар саналмиш ёзувчиларсиз кечади. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, «китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи. Ҳазратнинг айнан шу сўзларини мен ҳам такрорлайман.
Шу ўринда ўтаётган ўқув йили аввалида Президентимиз ташаббуси билан олий таълим муассасаларига атоқли адиблар ва мутафаккирларимиз ҳаёти ва ижодий меросини чуқур ўрганиб, кенг татбиқ этиш вазифаси топширилди. Жумладан Тошкент давлат транспорт университетига Мақсуд Шайхзоданинг ҳаёт йўли, ёзма меросини илмий тадқиқ этиш, унинг ижоди ва асарларини ўқув жараёнига татбиқ қилиш, адиб ижоди, эзгу ғояларини оммавий ахборот воситалари кенг тарғиб қилиш масаласи қўйилди.
Тошкент давлат транспорт университети ходими сифатида Мақсуд Шайхзоданинг ижодини ўқидим адиб ҳақидаги публицистик мақолалар билан танишдим. Мақсуд Шайхзодани ўқиш жараёнида шуни англадимки, қарийб қирқ йиллик ижодий фаолияти мобайнида миллий адабиётимизнинг шеърият, драматургия, публицистика сингари соҳаларида самарали ижод қилибгина қолмай, адабиётшунослик ва бадиий таржима масалалари билан ҳам фаол шуғулланган. Академик Наим Каримов таъбири билан айтсак, Мақсуд Шайхзода ўз адабиётини жаҳон халқлари адабиётлари билан ўзаро боғлаган «олтин кўприк»ларимиздан биридир.
Шайхзода, бадиий ижоднинг барча тур ва жанрларида асарлар ёзибгина қолмай, адабиётшунос ва танқидчи сифатида ҳам самарали ижод қилган. 1941 йилдаёқ «Гениал шоир» монографиясини эълон қилган Шайхзода умрининг сўнгги кунларига қадар Навоий ҳаёти ва ижоди билан муттасил шуғулланиб келди. У Навоийнинг 500 йиллиги муносабати билан ёзган «Навоийнинг лирик қаҳрамони ҳақида» номли мақоласидан кейин «Навоий лирикасининг баъзи бир поэтик усуллари ҳақида», «Устоднинг санъатхонасида», «Ғазал мулкининг султони», «Тазкирачилик тарихидан» сингари йирик илмий тадқиқотлар яратиб, навоийшунослик фанини янги тараққиёт босқичига олиб чиққанлигини англадим.
Шайхзода адабиётшунос ва танқидчи сифатида ҳам самарали қалам тебратиб, ўзбек халқ оғзаки ижодининг Фозил шоир сингари намояндалари, «Алпомиш», «Ширин билан Шакар» каби асарлари, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётининг Бобур, Муқимий, Фурқат, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, жаҳон адабиётининг Низомий Ганжавий, Ш. Руставели, А. С. Пушкин, Н. А. Некрасов, А. Н. Островский, Т. Г. Шевченко, А.Чехов сингари намояндаларига бағишланган асарлар ёзди. Педагог олим ва шоир сифатида эса талайгина шоир, адабиётшунос ва танкидчилар авлодининг етишиб чиқишига муносиб ҳисса қўшди.
Шайхзода 2-жаҳон уруши йилларида ёзган «Жалолиддин Мангуберди» трагедиясида ўз юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун мўғул истилочиларига қарши курашган сўнгги Хоразм шоҳининг жанговар жасоратини тарихан аниқ ва ҳаққоний тасвирлаган. «Мирзо Улуғбек» трагедиясида Шайхзода бош қаҳрамон образини АмирТемур ва темурийлар даврида ўзбек халқи ҳаётида рўй берган Уйғонишнинг ёрқин тимсоли сифатида акс эттирган. Шекспирона кўлам ва ҳарорат билан ёзилган «Мирзо Улуғбек» трагедиясининг майдонга келиши ўзбек драматургияси ва театри тарихида катта воқеа бўлди. Шайхзода сценарийси асосида режиссёр Латиф Файзиев томонидан яратилган «Улуғбек юлдузи» фильми эса кенг халқ оммасига улуғ ўзбек олими ва унинг фожиали тақдири билан яқиндан танишиш имконини берди.
Шундай ижодкорлар бўладики, улар вафотларидан кейин ҳам нафақат миллий адабиёт хазинасидан жой олган асарлари, балки ажойиб инсоний фазилатлари ва порлоқ образлари билан ҳам халқ хотирасида абадий яшайдилар. Низомий ватанида туғилган Шайхзода фалакнинг гардиши билан ўзбек тупроғига келиб қолиб, ҳаётининг бахтли ва фожиали кунларини шу ерда кечирди. Шу ерда шоир, драматург, адабиётшунос олим, таржимон ва педагог сифатида шаклланиб, ўзбек адабиёти, адабиётшунослиги ва таржима мактаби тараққиётига улкан ҳисса қўшди.
Дунёда ёзувчи дегани озми!... Бироқ Мақсуд Шайхзодани, Чингиз Айтматовни, Жюл Вернни билмайдиган авлод фақат ҳисоб-китоб билан яшайдиган авлод бўлиб улғаяди. Ҳалоллик ва олижаноблик улар учун заррача қимматга эга бўлмайди.
Маънавий тикланиш – фикрлаш тарзини Янги Ўзбекистон руҳи белгилайдиган янги авлодга мансуб ижодий зиёлиларнинг пайдо бўлиши демакдир. Зиёли Мақсуд Шайхзода каби ижодкорларни ўқиганда ва уққанда қудратли ва манфаати кўпроқдир.
Дилшод Раҳматов,
Тошкент давлат транспорт университети матбуот котиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг