Мақсад фақат алимент ундиришдан иборат эмас...

14:51 14 Февраль 2022 Жамият
880 0

Фото: Иллюстратив фото

Яқин-яқин йилларгача бир оиланинг пароканда бўлиши ва эр-хотиннинг ажрашиши жамиятимизда нисбатан кам кузатилган. Чунки қадриятларимизга кўра оилани муқаддас деб билиш ва унга дарз етказишни фожиа санаш кўникмамиз барча маиший муаммолардан устун эди. Бугун эса, афсуски, арзимас сабабу баҳоналар билан ажрашиб кетаётган оилаларни шунчалар кўп учратяпмизки, очиғи, бунга қайсидир маънода ўргандик ҳам. Оқибатда эса аро йўлда қолган фарзандлар мурғак юрагида кетмас доғ пайдо бўлмоқда.

Кўп ҳолларда оналари билан қолаётган фарзандларга оталар томонидан моддий таъминотнинг кўрсатилишини таъминлаш қонуний мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

— Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармасининг ҳудудий бўлимлари иш юритувида 33 мингдан ортиқ алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд, — дейди бошқарма катта инспектори Ойистахон Абдураҳмонова. — Бу ниҳоятда катта рақам! Иккинчи жаҳон уруши даврида умуман бошқа давлатнинг, миллатнинг фарзандларини ўз бағрига олган халқнинг авлодлари бугун ўз болалари таъминотидан бош тортиши уятли ҳолат. Бир эсланг, боболаримиз, момоларимиз уруш даврида, гарчи ўзлари оч ва бир уй фарзандларини қийинчилик билан боқаётган бўлса ҳам, ўзга ўғил-қизларни қарамоғига олган. Нега? Чунки болаларнинг бегонаси бўлмайди, деб билганлар. Шундай экан, нега бугунги кунда айрим оталар ўз боласи таъминотини рад этмоқдалар? Оталик бурчини бажаришлари учун қонуний чора кўришгача сабаб бўлаётган эркакларга қандай баҳо беришга ҳам ҳайронсан киши...

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият «алиментчи оталар» фарзандлари таъминотидан бош тортишларига ишсизлик, даромадсизлик сабаб бўлаётганини таъкидламоқдалар. Тан олиш керак, бугунги кунга келиб Андижон вилоятида ҳатто уйдан чиқмаган ҳолда даромад топиш борасида хайрли ишларга қўл урилмоқда. Остона хатлаб кўчага чиқмаган аёллар ҳам товуқ боқиб бўлсада, тирикчилик учун даромад топишяпти. Кафтдек томорқасида ундирган кўкатини бозорга олиб чиқса ҳам, пул бўлишини унутган баъзи оталарни иш билан таъминлаш чоралари кўрилаётгани ҳам рост. Айнан МИБ Андижон вилоят бошқармаси томонидан 2021 йилда 820 нафар ишсиз оталар доимий иш жойи билан таъминланганлиги бунга мисолдир.

— Ота-она бирга яшамас экан, бу борадаги муаммоларга ҳам ечим топиш қийин, — дея суҳбатда давом этади Ойистахон Абдураҳмонова. — Зеро, амалдаги қонунчилигимизда ҳам улар фарзандлари таъминотигагина эмас, балки тарбиясига ҳам масъул эканлиги қайд этилган. Шу боис бошқармамиз томонидан парокандага юз тутган оилаларни яраштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ортда қолган йил давомида 1 минг 20 та ана шундай оилаларни яраштиришга эришдик.

Аксарият ҳолларда оталарнинг кам миқдорда алимент тўлаши учун ойлик иш ҳақларини кам миқдорда кўрсатиш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз. Эркак киши шаънига, ғурурига мос бўлмаган бундай хатти-ҳаракатлар таассуфли, албатта.

— Уларга ҳатто ит ҳам, чумоли ҳам, қарғаю қўнғиз ҳам ҳеч қачон фарзандини ташлаб кетмаслигини, агар дилбандига нисбатан хавф туғилса ўзини қурбон қилишга тайёр эканлигини айтгимиз келдию, бундан наф кўрмадик, тўғриси... Начора, ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин экан, — дейди суҳбатдошимиз.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер