Манзилли амалий иш — натижадорлик омили

14:50 12 Октябр 2021 Жамият
1373 0

Давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жойларда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Буни, масалан, Чортоқ тумани иккинчи сектори фаолиятида ҳам кузатиш мумкин. Туман прокурори бошчилик қилаётган сектор штабида ҳамиша қайноқ иш жараёни ҳукмрон. Зарур шарт-шароитлар, керакли ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминланган бу масканга мурожаат қилган киши борки, иши битиб қайтади.

Бугунги кунда сектор ҳудудидаги 14 та маҳаллада 49,3 минг нафар фуқаро истиқомат қилади. Жойлардаги ижтимоий муҳит, аҳолининг кундалик турмуши масъулларнинг доимий эътиборида. Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган мақсадли дастурлар ижроси, шунингдек, ҳудудлар тараққиётини жадаллаштириш масалаларида тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 72 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, янгидан-янги иш ўринлари яратилди.

Мисол учун, Бодомзор маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.Абдуллаева ўзининг бизнес лойиҳаси тўғрисида туман прокурорига гапириб бергандан сўнг унинг иши юришиб кетди. Унга “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида 30 миллион сўм имтиёзли кредит ва 6 миллион субсидия маблағлари ажратиб берилиши таъминланди. Ҳаракатчан аёл замонавий дастгоҳлар сотиб олиб, тикувчиликка йўналтирилган якка тадбиркорлик субъектини ташкил этди. Бу ерда 6 киши меҳнат қилаётир.

Бундан ташқари, прокурорнинг амалий кўмаги билан сектор ҳудудида  ўнлаб лойиҳалар асосида тикувчилик цехи, савдо дўконлари, маиший хизмат  шаҳобчалари ишга туширилди.

Аҳоли кундалик турмушида учраётган муаммоли масалалар ечимида маҳаллабай тизимида иш олиб бориш Чортоқда ҳам ўз самарасини бераётир. Жумладан, бошқарув офисига уюшган доимий вакиллар томонидан сектордаги мавжуд 8664 та хонадон тўла хатловдан ўтказилди.

Айни жараёнда аниқланган 1513 та муаммо ва таклифларнинг 1469 таси  ҳал этилди. Жумладан, моддий ёрдам масаласида 40 та, соғлиқни сақлаш бўйича 73 та, йўлларни, асфальтлаш бўйича  24 та,  электр энергияси таъминоти йўналишида 24 та, суюлтирилган газ етказиб бериш борасида  25 та ва ичимлик сув, тураржой масалалари юзасидан кўплаб муаммоли масалалар ўз ечимини топди.

Биргина, Бештол маҳалласини олиб кўрайлик. Бу ердаги ўрганишлар чоғида кўплаб хотин-қизлар тикув машинасига эҳтиёжлари борлигини билдиришди. Уларнинг икки нафарига ҳар бири 11,6 миллион сўм бўлган “Солмак” русумли машина имтиёзли шартларда олиб берилди. Айни пайтда ушбу фуқаролар оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб олишган. Умуман олганда, йилнинг ўтган даврида 405 нафар фуқарога 7,5 миллиард сўм миқорида банк кредитлари ажратилиши таъминланди. Бу, ўз навбатида, 411 киши учун янги иш ўринлари яратиш имкониятини юзага келтирди.

Ўрганишлар давомида ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш диққат марказида бўлди. Рўйхатга олинган 972  фуқаро орасида тезкор кўмакка муҳтожлар ҳам анчагина экан. Масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда уларнинг 16 нафарига протез ортопедия маҳсулотлари, 4  нафарига  ногиронлик аравачаси етказиб берилди.

Ҳудуддаги учта қишлоқ оилавий поликлиникаларида ногиронларнинг чуқурлаштирилган тиббий кўриги ташкил этилиб, 25 нафар фуқаро амбулатор, 12 киши стационар ва 52 киши уй  шароитида даволанди. Улардан бири — Истиқлол маҳалласида яшовчи Садоқат Ҳабибуллаевага даволаниб чиққанидан сўнг доимий даромадини таъминлаш мақсадида тикув машинаси ҳам совға қилинди.

Маҳаллабай ишлаш тизими доирасида тиббий хизматни такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мавжуд тиббиёт муассасалари маҳаллий бюджет ҳисобидан таъмирдан чиқариб бориляпти. Хусусан, кейинги пайтларда 51 ва 53-қишлоқ оилавий поликлиникаларининг икки қаватли бинолари иситиш тизими, пол ва том қисмлари тўлиқ жорий таъмирланди, уларда хизмат олиб бораётган учта “Дамас” русумли тез ёрдам автомашиналарининг доимий созлиги таъминланмоқда.

— Коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратишнинг “Вақтинчалик тартиби”га кўра, секторда 893 нафар меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган 565 та оила “темир дафтар”га киритилган эди, — дейди туман покурори, адлия кичик маслаҳатчиси Абдулбосит Нурматов. — Олиб борилган амалий ишлар натижасида уларнинг барчаси ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди. Бунда оилавий тадбиркорликни кенгайтириш, ўзини ўзи банд қилиш, инвестиция лойиҳалари асосидаги, шунингдек, қурилиш соҳасидаги иш ўринларига жалб этиш омиллари қўл келганлигини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

 “Темир дафтар” рўйхатидаги фуқаролар билан иш олиб боришда  улар моддий аҳволини яхшилашнинг барча имкониятидан самарали фойдаланилди. Мисол учун, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисоб рақамларига  келиб тушган 1,5 миллиард сўм маблағнинг 400 миллион сўми халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорларига асосан ушбу дафтардаги оилаларга манзилли ёрдам учун йўналтирилди. Шу ва бошқа кўплаб тадбирлар ҳисобига уларнинг барчаси моддий аҳволи яхшиланиб, рўйхатдан чиқарилди.

“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг оилавий аҳволини яхшилаш, уларни ишга жойлаштириш борасидаги амалий ҳаракатлар ҳам ўз натижасини берди.

Иккинчи сектор ҳудудида аҳоли учун муносиб турмуш шароити ва доимий даромад манбаларини яратиш, эҳтиёжманд оилаларнинг муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий объектлар қуриш ва мавужудларини таъмирлаш, коммуникация тармоқлари ҳамда йўлларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам аҳоли розилигини таъминлашнинг муҳим омилига айланган.

Маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурини тасдиқлаш ва ҳудуддаги масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш учун туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари раҳбарлигида мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилиб, ишларни тизимли ҳал қилиниши йўлга қўйилган.

Мазкур гуруҳ ва сектор ҳамкорлигидаги саъй-ҳаракатлар натижасида “Узункўча”, “Ораариқ” ҳамда “Оқтерак” маҳалла фуқаролар йиғинлари учун янги бино қуриб, фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, Тинчлик маҳалласида уч, Наврўз маҳалласида 1,2 километр узунликдаги йўлга асфальт ётқизилди. Бештол маҳалласида эса янги трансформатор ўрнатилиб, 10 километр ҳаво тармоғи реконструкция қилингандан сўнг ҳудудда энергия таъминоти бутунлай яхшиланганидан одамлар хурсанд.

Хатловда Тинчлик маҳалласи ҳудудида жойлашган Толмозор қабристони қаровсиз қолганлиги, бу ердаги  эски масжид биноси ўттиз йилдан буён бўш ётганлиги қайд этилганди. Қабристон тозаланиб, масжидни таъмирлаш ва уни зиёратгоҳга айлантириш учун 400 миллион сўмликка яқин бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

Сектор фаолияти билан боғлиқ тадбирлар  натижадорлиги тадбиркорлик  соҳаси ривожи, ёшлар тарбияси, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳудудлар ободлиги, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш сингари устувор вазифалар ижросида ҳам яққол кўзга ташланадики, буларнинг барчаси ҳудудлар тараққиётини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида намоён бўлмоқда.

       

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер