Маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш зарурати
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқароларга янада қулай шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Статистик маълумотларга кўра, маъмурий судлар томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича фуқаролар томонидан судларга мурожаат қилиш тоифасидаги низолар бўйича кўриб чиқилган ишларнинг аксарияти қарорни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги ариза (шикоят)ларни ташкил этган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига фуқаролар ўзларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган маъмурий органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилганда ундириладиган давлат божи миқдорини пасайтириш белгиланмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларга ўзларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятлари янада кенгайишига, уларнинг одил судловга эришиш даражасининг ошишига хизмат қилади.
Қизғин давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг