Мамлакат тақдирига дахлдор масалага ўз муносабатимни билдирдим — Мухлиса Ҳусанова

17:41 09 Июль 2023 Жамият
489 0

Фото: “Халқ сўзи”

Тўрақўрғон туманининг Сарой маҳалласи аҳли ҳам сайловда фаол иштирок этишмоқда.

Ҳудуддаги 494-сайлов участкасида фуқароларнинг эмин-эркин овоз беришлари учун барча шароит яратилган. Яқиндагина ўн саккиз ёшини қарши олган ва овоз беришда биринчи бор қатнашаётган Мухлиса Ҳусанова бу ерга ўзгача қувонч ва шунга яраша ҳаяжон билан кириб келди.

— Наманган давлат университетининг биринчи курсини тамомладим, — дейди М. Ҳусанова. — Таҳсил жараёнида дунёқарашим анча ўзгарди. Конституцияни чуқур ўргандим, сиёсий тафаккурим мустаҳкамланди. Бугун Асосий Қомусимизда белгилаб берилган ҳуқуқимдан фойдаланиб, мамлакат тақдирига дахлдор масалага ўз муносабатимни билдирдим. Фуқаролик бурчимни ҳам адо этганимдан жуда мамнунман.

Участка сайлов комиссиясида Мухлиса сингари сиёсий тадбирда илк бор қатнашаётган 38 нафар йигит-қиз рўйхатга олинган. Уларнинг барчаси ўзининг мустақил фикри, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўз қарашларига эга. Чунки улар сайловдаги фаол иштироклари биринчи навбатда ўзлари сингари ёшлар, қолаверса, бутун юрт тақдирига алоқадор эканлигини жуда яхши англашади. Нафақат ёшлар, балки, бу ерга ташриф буюраётган икки мингдан зиёд сайловчининг муҳим сиёсий тадбирда иштирок этаётганидан фахр туйғуси сезилиб турибди.

Айтиш лозимки, бугун ўтказилаётган Президент сайлови мустақил юртимизнинг янада гуллаб-яшнаши, халқимиз турмуш даражасининг бундан ҳам юксалтириш йўлидаги эзгу мақсадларимизга қанот бағишлайди. Бутун мамлакатимизда бўлганидек, Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам сайловлар каттаю-кичикнинг фаоллиги билан ўтмоқда. 832 та сайлов участкасида рўйхатга олинган 1 миллион 572 минг нафар сайловчи ўзи танлаган муносиб номзод учун овоз бериш чоғланган. 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер