Мамлакат ҳаётига доир муҳим қонун лойиҳалари муҳокамаси
Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда дастлаб “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мазкур ҳужжат билан Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари параметрлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида олинадиган давлат қарзининг чекланган хажмлари белгиланмоқда.
Шунингдек, лойиҳада бюджет соҳасига оид қуйидаги ўзгаришлар назарда тутиляпти. Хусусан, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ўзларининг жорий харажатларини мустақил қайта тақсимлаш ваколати берилмоқда.
Кичик ва ўрта бизнес ривожланишини рағбатлантириш мақсадида товар айланмаси 1 млрд. сўмдан ошган кичик бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун 1 йил давомида фойда солиғи ставкасини 2 бараварга пасайтириш назарда тутилмоқда.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасининг ҳар бир моддасини синчиклаб таҳлил қилар экан, партия мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ўз таклифларини билдирди. Шунингдек, айрим масалаларда ҳукумат вакилларидан изоҳ сўрашди.
— Давлат бюджети мамлакатнинг пул даромадлари ва харажатлари рўйхатини ўзида ифодаловчи асосий молиявий ҳужжат бўлиб, унинг очиқ ва шаффоф бўлиши юрт ривожи, жамият қурилишини такомиллаштириш, ислоҳотлар самарадорлигига эришишда муҳим ўрин тутади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Ҳаитов. — Шу боис, бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Йиғилишда “Истеъмол кредитини ажратиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар ва истеъмолчи-фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида банклар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан тақдим этилаётган молиявий истеъмол кредитидан фойдаланиш механизми қайтадан кўриб чиқилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимиз аҳолисининг таълим олиш, меҳнат қилиш ҳамда турмуш шароитларини янада яхшилаш мақсадида уларни истеъмол товарлари билан тўлақонли таъминлашга хизмат қилади.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилиниб, ҳужжатдаги айрим нормаларни такомиллаштириш бўйича асосли таклифлар берилди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, депутатлар қонун лойиҳасининг бугунги кундаги зарурати ва аҳамияти, унда белгиланаётган нормалар партия сайловолди дастуридаги мақсад ва вазифаларга ҳамоҳанг эканлигини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватладилар.
Мажлисда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг