Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Фарғона вилояти савдо-логистика маркази очилди

15:31 26 Январь 2026 Жамият
347 0

Малайзия пойтахти — Куала-Лумпур шаҳрида Фарғона вилояти савдо-логистика маркази тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Ушбу марказ Фарғона вилояти тадбиркорлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилари учун Жанубий-Шарқий Осиё бозорларига чиқишда муҳим савдо платформаси бўлиб хизмат қилади.

Марказ очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда Фарғона вилояти делегацияси аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Каромиддин Гадоев иштирок этди.

— Савдо-логистика марказида Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилаётган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кенг ассортименти бўйича доимий кўргазма ташкил этилади, — дейди Фарғона вилояти инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Азимжон Юлдашев. — Асосий мақсад маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари учун янги ва истиқболли бозорларни очиш, шу билан бирга Ўзбекистон ва Малайзия тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат.

Айтиш жоиз, тажриба тариқасида Фарғона вилоятидан олиб келинган анор ҳамда турли хил қуритилган мевалар малайзиялик харидорларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, текстиль маҳсулотлари, хусусан, Учкўприк туманидаги Бобошбек маҳалласи ҳудудида жойлашган саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган болалар кийимларига алоҳида эътибор қаратилди. Табиий ипак маҳсулотларидан тайёрланган кийим-кечакларнинг сифати, экология жиҳатдан тозалиги ҳамда рақобатбардош нархлари юқори баҳоланди.

Тадбир доирасида малайзиялик тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг кўмагида Индонезия бозорига чиқиш, шунингдек, яқин истиқболда мазкур мамлакатда ҳам Фарғона вилояти савдо-логистика марказини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қуритилган мевалар ва саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишиш, шунингдек, келгусидаги ҳамкорлик келишувларини муҳокама қилиш имконияти яратилди.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер