Мактабларимизда аҳвол жиддий — депутат
Пандемия сабаб биринчи бўлиб мактаблар ёпилганди. Чунки ҳали ўзимиз ҳам яхши тушунмаган касаллик болалар ўртасида авж олиб кетиши мумкин эди.
Орадан 6 ой вақт ўтиб, ўқишнинг анъанавий ёки онлайн бўлиши бўйича ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказилди.
Кимдир онлайн, кимдир анъанавий бўлсин деди. Ҳар ҳолда ишлайдиганлар учун анъанавий маъқул вариант. Сабаби, эрталабдан кечгача ишда юрадиган ота-онанинг фарзандига онлайн дарсларни мунтазам қилдиришга имкони йўқ. Кечки пайт ишдан қайтган она ҳам ош-овқат, уй юмушларига уриниб, бунга вақти ҳам, ҳоли ҳам қолмаслиги аниқ. Уйга вазифаларни зўрға қилдирса ҳам катта гап.
Анъанавий деганлар кўпчиликни ташкил этгани туфайли мактаблар 14 сентябрдан очиладиган бўлди.
Ҳаммасидан қизиғи эса мактабларимиздаги санитар ҳолат, болаларнинг қўл ювишию кираверишда дезинфекцияланиши, ҳароратини ўлчаш лозим бўлади.
Бунинг учун эса мактабларимизда етарли шароит йўқ.
Юқоридан топшириқ келган, дея айрим мактаблар бу шароитларни қилишга уринишяпти. Аммо, бунга кетадиган харажатлар маҳаллий ҳокимият ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган бўлса-да, яна калтак директорларнинг, хўжалик мудири ва ўз синфи учун қайғуриши лозим бўлган ўқитувчининг бошида синмоқда.
Яқинда бир қишлоқ мактабининг хўжалик мудири айтиб қолди: “Мактабимиз кираверишига дезинфекцион йўлакча, қўл ювадиган сув бочкаси, яна лента билан боланинг масофа сақлаб кириши учун йўналиш белгилаб қўйилган. Аммо, шуларнинг барини ўз ҳисобимиздан қилдик. Олган ойлигим рўзғоримга етмайдию яна булар менга ортиқча даҳмаза бўлди-да.»
Яна бир ўқитувчининг оҳидан тутун чиқди «Депутатман деб юрибсиз-да, бизни ҳеч ким ҳеч нима билан таъминлагани йўқ. Ҳамма ўқитувчи чўнтагидан олиб бўлди. Синф учун тўшама, швабра, сатил, дозатор яна ўқувчиларим ва ўзим учун маска. Бу ёқда ҳали ўзимнинг болаларим турибди. Уларга энди оламан.
Майли, бир мартага олдик биз, лекин кейин-чи, кейин нима қиламиз? Яна чўнтагимизни йиртиб, рўзғордан қиямизми?»
Бу битта мактабдаги икки кишининг ҳасрати. Агар бошқаларини ҳам эшитсангиз, эшитгулик сабрингиз етмайди.
Бу ҳам майли, аммо яна бир масала бор. Ўқитувчиларни коронавирусга тестдан ўтказиш. Мен билган каттароқ туманлардан бирида 100 ошиқ мактабда 5 мингга яқин ўқитувчи ишлар экан. Тумандаги коронавирусга тест олиш лабораторияси бир кунда бор-йўғи 70-80 одамни ўтказа олиш имконига эга. Шу кунгача 400га яқин ўқитувчидан тест олинган, уларнинг 24 тасида коронавирус аниқланган. Энди тасаввур қилинг, 14 сентябргача қолган 4600 ўқитувчини тестдан ўтказа олишнинг имкони йўқ. Бу ёғига бор баракалла, қилиб, ўқитувчи касалланганми, йўқми, фарқи йўқ, деб ишга чиқараверамиз. Бола нима бўлса бўлади-да, қабилида иш тутилади, шекилли.
Энг қизиғи, ҳар бир мактабда ҳамширалар бўлиши шарт ва зарур. Чунки ўқувчини кимдир ҳароратини ўлчаб қабул қилиши, дарслар давомида қайсинингдир тоби қочса, дарҳол ёрдам кўрсата оладиган одам ҳам тиббий билими бор ҳамширада. Лекин аксарият мактабларда бундай штатнинг ўзи йўқ. Эшитишимча, оилавий поликлиникалардаги ҳамширалар 0,5 ставкага мактабларга жалб этилаётган экан. Сўраб-суриштирсам, 0,5 ставканинг маоши 300 минг атрофида бўларкан. Баъзи мактабларда 2-3 сменадан дарслар ўтилишини ҳисобга олсак, ҳамшира бечора 300 минг сўм ойлик учун эрталабдан кечгача мактабда сарғайиб ўтиришига тўғри келади. Аммо, бунга ким рози бўлади?
Хуллас, гапирай десанг, гап кўп, иш ҳам мўл. Аммо, бор юкни мактаб директорлари ва ўқитувчиларга ҳам юклаш адолатдан эмас.
Мутасаддилар ушбу вазиятга жиддийроқ эътибор қаратишса, яхши бўларди.
Фахриддин САМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг