Мактаб ўқувчисини талончилик “қурбони” бўлди
“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Темур Эшбоев/Навоий. Навоий шаҳар ИИБга шаҳардаги 13-мактаб ўқувчиси М. Р. мурожаат қилиб, Навоий кўчаси 58-уй ёнида номаълум шахс “Samsung G-3” русумли қўл телефонини зўрлик ишлатиб тортиб олганлигини маълум қилди.
Шаҳар ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида талончилик билан шуғулланган шахс аниқланиб қўлга олинди. У Кармана тумани 1998 йилда туғилган, “Ўзбекистон” МФЙ истиқомат қилувчи фуқаро бўлиб чиқди.
“Бу фуқаро 2018 йил 22 февралда Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан айбли деб топилиб, 3 йил 3 ой 15 кун муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, у 2018 йил 6 май куни шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168 моддаси 3-қисми билан айбли, деб топилиб 12 миллион 831 минг сўмлик жарима жазоси тайинланган”, - дейди вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбари Ўктам Усмонов.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166 моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унинг шунга ўхшаш жиноятларга дахлдорлик ҳолатлари суриштирилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг