Мактаб директорлари, ўринбосарлари ҳамда боғча раҳбарларининг маоши оширилади
Президент Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида бошқарув тизими самарадорлигини ошириш бўйича янги фармон имзолади.
Унга кўра, эндиликда мактаб директорлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда боғчалар раҳбарларининг маошлари оширилади. Бу ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова маълум қилди.
Унда айтилишича, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга, ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга оширилиб, боғчаларимиз директорлари лавозимларининг базавий тариф ставкалари III ва IV гуруҳдаги умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаларига тенглаштириш орқали оширилади.
Шу тариқа, республикадаги 10 мингдан ортиқ мактаб директорлари, 7 мингга яқин боғча директорлари ҳамда 35 мингга яқин мактаб директор ўринбосарларининг иш ҳақи миқдорлари оширилишига эришилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотларининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан директор ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари натижасига кўра, базавий тариф ставкаларига нисбатан тегишлича 20 ва 10 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар белгиланади.
«Туман бўлимларида қўшимча штатлар ажратиляпти ва бу ўқувчилар билимини баҳолашни мониторинг қилиш, ўқувчиларга хорижий тил ва касбга ўргатиш вазифаларини амалга ошириш учун тегишли лавозимларни жорий этиш имконияти яратади», — дейилади вазир хабарида.
Вазирлик тизимидаги қарийб 15 минг нафар бошқарув ходимларига кўп йиллик хизмати учун рағбатлантириш тизими ҳам йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, мактаб ходимлари мукофот пули миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача миқдорида этиб белгиланмоқда.
«Яна бир муҳим ўзгариш, авваллари мактабларимизнинг бўш турган бинолари ижарасидан тушган маблағларнинг 40 фоизигина ўша мактабда қоларди. Эндиликда ушбу маблағларнинг 75 фоизи ўша мактаб ривожи учун сарфланади», — дейди Умарова.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг