Маконимиз — Ўзбекистон, замонимиз — мустақиллик
Бу ёруғ оламда ғоят буюк тушунчалар, муқаддас миллий ва умуминсоний қадриятлар бениҳоя бисёр. Бироқ улар орасида уч улуғ тушунча – Халқ, Ватан, Давлат тушунчалари алоҳида аҳамиятга молик. Уларни бир-биридан айро ҳолатда тасаввур қилиш ниҳоятда мушкул. Халқ бўлмаса Ватан ва давлат атамаларига ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди. Она Ватан бўлмаса халқ қайси маконда давлатни барпо эта олади? Халқ ва Ватан мавжуд бўлгани ҳолда унинг мустақил давлати бўлмаса-чи, бунақа эл-юртнинг бағри бутун эмас, яримталигича қолаверади.
Аллақачон мозийга айланиб улгурган XX аср сиёсий нуқтаи назардан қараганда бутун ер юзи миқёсида миллий давлатларнинг ташкил топиш даври бўлганини бугун ҳеч ким ҳеч қандай далиллар билан инкор эта олмайди. Ўтган асрнинг охирига келибгина она Ватанимиз – Ўзбекистон ҳам ушбу тарихий жараёнга тўла-тўкис қўшилди – ўзининг буюк миллий истиқлолига эришди.
Тўғри, 1991 йилнинг 31 августига қадар ҳам халқимиз, элимиз бор эди. Қадимдан дастлаб Турон, Мовароуннаҳр, Туркистон, кейин Ўзбекистон деб аталган улкан ҳудуд мавжуд эди. Демак, Ватан бор эди, фақатгина халқнинг қўлида ўз миллий давлати йўқ эди. Бошида давлати йўқ халқнинг пешонаси шўр, турган гапки, бахти ҳам шунга яраша яримта бўлишини, ўз-ўзидан, нони ҳам, номи ҳам бутун бўлмаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Ахир, ўз она Ватанинг бўлсаю, унга ўзинг эгалик қилолмасанг, халқинг, элинг бўлсаю, юрак ютиб, баланд овоз билан «халқим» деёлмасанг.
Ота юртингнинг мадҳиясини ҳам тонг саҳарда уйқудан уйғонишинг биланоқ, ўзингдан бутунлай бошқа бир эл-юртга қарата, юртингнинг бош қўшиғи сифатида куйлаб, етти букилиб, бор овозинг билан қуюқ салом бериб, унга ялтоқланишдан бошласанг... Буни ўша замонда яшаган ватандошларимиз яхши эслайдилар.
Биргина мисол. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг элда машҳур «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китобидан ўрин олган «Ўзбек иши»да шундай битиклар бор: «Осмон баравар режани бердилар. – Бажарасан! – дедилар. – Бажаролмайман, – деди. – Бажарасан!! – дедилар. – Бажармайман!! – деди. – Қамаласан!!! – дедилар. Бажарди... Бола-чақаси кўп эди... Орден бердилар... Режани ошириб бажарганлиги учун... Кейин... қамадилар... Қўшиб ёзгани учун... Бола-чақаси кўп эди...» Биласиз, фалсафа фанида «макон» ва «замон» тушунчалари мавжуд. Бу тушунчаларни ўзаро бир-биридан айро талқин қилиш, англаш ниҳоятда мушкул. Чунки ҳар қандай маконга муайян бир замоннинг нуқтаи назаридан қаралади ва аксинча – ҳар қандай замон муайян бир маконда изчил ёки турли талотўплар билан кечади. Айнан шу нуқтаи назардан қараганда, бизнинг маконимиз – Ўзбекистон, замонимиз – Мустақиллик.
Шу макон ҳам, шу замон ҳам – ўзимизники, барчамизники. Ҳар биримиз ушбу ёруғ оламда токи ҳаёт эканмиз, шу икки бениҳоя улуғ ва буюк тушунчага ҳамиша бевосита дахлдор бўлиб қолаверамиз. Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳозирга қадар машаққатли ва тинимсиз меҳнатлар эвазига эришган ғоят буюк ютуқларимизга бутунлай маҳлиё бўлиб қолиб, бу муваффақиятлар қандай бениҳоя мураккаб курашлар эвазига қўлга киритилгани ва киритилаётганини, улар халқимиздан нақадар улкан сабр-тоқат, буюк маънавий жасорат, матонат талаб қилгани ва қилаётганини ёдимиздан чиқармаслигимиз даркор. Мустақиллигимиз абадулабад бўлсин!
Зафар ХУДОЙБEРДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
OʼzLiDeP фракцияси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг