Махсус борт Эрондан 37 нафар ўзбекистонликни олиб келмоқда

22:32 16 Март 2020 Жамият
1142 0

Фото: fvv.uz

Мудофаа вазирлиги томонидан Эронга инсонпарварлик юкини етказиш учун ажратилган ҳаво кемасида ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистоннинг 37 нафар фуқароси ватанга олиб келинмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, улар коронавирус туфайли чегараларнинг ёпилгани натижасида 23 февралдан буён Эроннинг “Лутфобод” постидаги терминалда қолиб кетган 14 нафар ҳайдовчи, шунингдек, талабалар, тадбиркор ва дипломатлардир.

Бу фуқаролар ва самолёт экипажи белгиланган тартибда малакали шифокорлар, соҳа мутахассислари назорати остида икки ҳафта муддатда карантинда сақланади.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 16 март куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ коронавируснинг олдини олиш чора-тадбирларига кўмаклашиш мақсадида Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами юборилди.

Давлат раҳбари топшириғига асосан Эроннинг ёрдам сўраб қилган мурожаатини қўллаб-қувватлаш, шунингдек мазкур хавфли инфекцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезонлар, махсус тиббий формалар, ниқоблар, дока, спирт, гигиеник геллар ва дори воситалари сингари умумий оғирлиги қарийб олти тонна бўлган тиббий буюмлар шаклида инсонпарварлик ёрдами юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер