Майда шохли ҳайвонлар ўлати касаллиги қандай зарар етказмоқда?

14:48 26 Август 2019 Жамият
2309 0

Пойтахтимизда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Халқаро эпизоотик бюро ҳамкорлигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар учун майда шохли ҳайвонларнинг ўлат касаллигига оид ҳудудий “Йўл харитаси” доирасидаги учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. 10 дан ортиқ давлатлардан ташриф буюрган 60 га яқин халқаро экспертлар иштирок этган тадбирда ташкилотга аъзо давлатларнинг майда шохли ҳайвонлар ўлатига қарши кураш бўйича “Йўл харитаси” доирасидаги олдинги учрашувларда ишлаб чиқилган тавсиялар ижроси, касалликка қарши курашишда минтақалардаги вазиятни баҳолаш, касалликка қарши курашиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар (Миллий стратегик режалар)нинг бажарилиши каби масалалар кўриб чиқилди.

Дастлаб касаллик ҳақида. Майда шохли ҳайвонлар ўлати — бу, асосан, қўй ва эчкиларда учрайдиган юқумли касаллик. У баъзи ҳолларда кавш қайтарувчи ёввойи ҳайвонларда ҳам учрайди. Майда шохли ҳайвонлар ўлати касаллиги туфайли ҳар йили дунё миқёсида 2,1 млрд. АҚШ доллари миқдорида зарар етказилади.

Сўнгги 15 йилда ушбу касаллик дунёда хавотирли суръатда тарқалиб, ўта глобал муаммолардан бирига айланиб бормоқда. 

2016 йилда дастлаб Грузия ва Мўғулистонда қайд этилган ва у ерда инфекция, ҳаттоки ёввойи ҳайвонларга ҳам юқиш ҳолатлари кузатилган. 2018 йилда эса унинг кўринишлари Бурунди ва Болгарияда қайд этилди. Бу эса касаллик тобора кенг тарқала бошлагани ва унга қарши кескин кураш олиб бориш лозимлигини англатади.

Майда шохли ҳайвонлар ўлати касаллигига қарши қатъий курашиш ва уни йўқ қилиш чорвачилик инқирозини олдини олиш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини барқарор таъминлашни кафолатлайди.

Касалликка ташхис қўйиш ва аниқлаш оддий усулда амалга оширилади. Ишончли ва сифатли вакцина ёрдамида бир марталик эмлаш ҳайвонни ҳаёти давомида кўпгина касалликлардан ҳимоялайди. Бундай ветеринария хизматларининг касалликка қарши курашиш ва уни йўқ қилиш имкониятларини кучайтириш ҳайвонларнинг бошқа касалликларга қарши курашда ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

2016 йил март ойида БМТнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат масалалари бўйича ташкилоти ва Халқаро эпизоотик бюро томонидан касалликни йўқ қилишни мувофиқлаштириш бўйича қўшма котибият ташкил этилди. 2018 йил сентябрь ойида “Майда шохли ҳайвонлар ўлати касаллигидан дунёни қутқариш учун шериклик ва инвестициялар” умумжаҳон конференцияси ташкил этилиб, унда халқаро декларация қабул қилинди ва 2030 йилга келиб ушбу касаллик буткул йўқ қилинишига эришиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Тошкентда ўтказилган ушбу тадбир якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер