Маҳмуд Субоҳ ҳақида эшитганмисиз?

12:44 25 Ноябрь 2020 Жамият
1134 0

Нафақат олис, балки яқин ўтмишда ҳам юртимизда чуқур билимга эга, зукко, жонкуяр, миллат рақнақи йўлида жонини жабборга бериб ишлаган кўплаб инсонлар яшаб ўтишган. Айримларидан кенг жамоатчилик хабардор эмас. Шундайлар орасида ўзга миллат вакили бўла туриб, ўзбек тилининг софлиги, маорифимиз равнақи учун астойдил қайғурган бир зот борки, у алоҳида ҳурмат-эътирофга лойиқдир.

Биз ўтган асрнинг суронли 20-йилларида Татаристондан Бухорога келиб, маърифатпарварлик ишлари билан машғул бўлган Маҳмуд Субоҳни назарда тутаяпмиз.Шу даврни чуқур ўрганган зукко олим, Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Шодмон Ҳайитовнинг билдиришича, у маҳаллий ёшларни хорижга ўқишга жўнатишга ҳам кўп куч сарфлаган.

— 1920 йилнинг кузида, яъни Бухоро Халқ Республикаси ташкил топган дастлабки ойларданоқ шаҳримизга келган Маҳмуд Субоҳ маориф нозирлигида умумий ишлар бўлими мудири вазифасида ишлайди, — дейди Ш. Ҳайитов. — У ўзининг асосий юмушларидан ташқари даврий матбуотда ҳам долзарб мавзуларда чиқишлар қилиб туради. Жумладан, 1921 йилнинг баҳоридан 1923 йилнинг 17 ноябрига қадар “Бухоро ахбори” ва “Озод Бухоро” газеталарида 11 та мақола, лавҳа ва ҳикояларини чоп эттирган. У ўша давр учун ўта долзарб саналган ўқув қўлланмалари ёзишда ҳам фаол иштирок қилган.

Эътиборлиси, Маҳмуд Субоҳнинг матбуотдаги чиқишларида илгари сурилган ғоялар бугунги кун руҳига ҳамоҳангдир. Масалан, “Бухоро ахбори” (ҳозирги “Бухоронома”)нинг 1922 йил 22 октябрь сонидаги мақоласида “Юзни ювмоқ билан оқартмоқ каби қалбнида ўқимоқ билан оқартмоқ керак”, дейди.

Диққатга молик яна бир жиҳат шундаки, Маҳмуд Субоҳ бошқа миллат вакили бўлишига қарамай ўзбек тилини асраб-авайлаш, унинг қадрини жойига қўйиш тўғрисида чинакамига қайғурди. Маърифатпарвар “Тил масаласи” мақоласида “Ҳукумат тили шу ҳукуматнинг хўжаси бўлган халқнинг она тилидур...Бир миллатнинг тараққий қилмоғи ўзининг тилини соф қилиб, они бойитмоқ ва онинг қадрини билмоғи солинда бўладур”, деб ёзди. Бухоро Халқ Республикасида ҳукумат қарорлари, буйруқ ва фармонлари ажнабий (рус) тилида чиқарилаётганини танқид остига олиб, “Бу иш ҳовлининг эшиги бор ҳолда, девордан азобланиб юқоридан тушмакдур” дея фикрини образли ифодалаганини айтмайсизми?

Назаримизда,бу жўяли сўзлар ҳали-ҳануз аҳамиятини йўқотган эмас.Ахир, уйнинг эшиги у ёқда қолиб, девордан ошиб тушмоқчи бўлганлар ҳозир ҳам орамизда учраб турибди.

Олим эътиборимизни яна бир далилга қаратди. Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати ўзбек тилини давлат тили деб эълон қилган. Давлат идораларида кимки она тилимизда иш кўрмаса, мулоқотда бўлмаса, ундай шахсга ҳатто жарима жазоси белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда ўзбек тилида нафақат мақолалар, балки бадиий асарлар ҳам ёзган М. Субоҳ қарор ижросини таъминлаш зарурлигини жуда кўп такрорлаган.

— Бу маърифатпарвар инсоннинг ҳаёти ва ижоди ҳали чуқур ўрганилган эмас, — дейди Бухоронинг яқин ўтмиши билимдонларидан яна бири, БухДУ доценти, тарих фанлари номзоди Камол Раҳмонов. — Маҳмуд Субоҳ кейинчалик Самарқанд ва Тошкентда фаолиятини давом эттиргани, маҳаллий матбуотда кўплаб чиқишлар қилгани, бадиий асарлар ёзгани маълум. Бинобарин, ундан қолган маънавий мерос ўз тадқиқотчисини кутмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер