Маҳкумлар тиббий кўрикдан ўтказилди

11:23 19 Май 2022 Жамият
609 0

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили ва Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходимлари билан Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги 38-сонли Манзил-колонияда сайёр қабул ташкил этилди. 

Сайёр қабулни ташкил этишдан мақсад ушбу муассасада сақланаётган 413 нафар маҳкумларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва колониядаги шароитларни ўрганишдир.

Тадбирнинг 1-босқичида Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан махсус ускуналар билан жиҳозланган 1 та автобус ва 8 хил турдаги кўчма тиббий ускуналар жазони ижро этиш манзил-колониясига олиб келинди. 16 нафар тажрибали тиббий ходимлар соат 09:00 дан бошлаб 254 нафар маҳкумларни 15 хил турдаги тиббий кўрикдан ўтказишди.

Тадбирнинг 2-босқичида Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили ва 38-сонли жазони ижро этиш манзил-колонияси раҳбари 90 нафар маҳкум билан жамоавий учрашувлар ўтказишди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш берилди.

Самарқанд шаҳридаги 38-сонли Манзил-колонияда маҳкумлар учун яратилган шарт шароитлар ҳам ўрганилди. Мониторинг жараёнида маҳкумларнинг яшаш шароитлари кўздан кечирилганда баъзи хоналарнинг чироқлари куйганлиги ва алмаштирилмаганлиги, оилавий учрашув хоналарида сув йўқлиги аниқланди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича манзил-колония раҳбарига тегишли тавсиялар берилди.

Тадбирнинг сўнгги босқичи сифатида Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили маҳкумларни яккама-якка тартибда қабул қилиб, улар мурожаатларини қабул қилди. Сайёр қабулда Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакилига 18 нафар маҳкум томонидан мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 6 нафарига жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қолган 12 та мурожаат ўрганиш ва чора кўриш учун олиб кетилди.

Ушбу мурожаат қилган маҳкумларнинг 2 нафари бугунги кунда яратилган имкониятлардан фойдаланиб олийгоҳга ўқишга кириш учун ёрдам сўради. Ушбу мурожаатлар бўйича тегишли тартибда олийгоҳлар билан ҳамкорликда ишлар ташкил этилиб, имтиҳонга тайёргарлик кўриш учун керакли китоб ва маълумотлар берилиши маълум қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер