Маҳкум хулоса чиқармаган экан

21:13 17 Октябр 2022 Жамият
744 0

Фото: Халқ сўзи

Ф. Марданов 1981 йил Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. 2021 йилнинг 15 июнида жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 2441-моддаси 3-қисмининг «г» банди билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

Судда аниқланишича, Ф.Марданов 2022 йилнинг март ойида Қизилтепа туманида жойлашган 5-сонли жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўташ давомида ўзи билан бир туркумда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган маълумотларни тарқатиш жиноятини қасддан содир этган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бориши таъқиқланган «Жиҳодчилар» террористик ташкилотига аъзо бўлиб, унинг ғояларини муассасада жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкумларга оғзаки тарқатган.

— Суд судланувчи Ф.Мардановнинг жиноий ҳаракати тергов органи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК 2441-моддасининг 2-қисми билан тўғри квалификация қилинганлигини тасдиқлади, — дейди Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди раиси Адиз Авезов. — Суд ҳукмига кўра, судланувчи Ф. Марданов Ўзбекистон Республикаси ЖК 2441-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли, деб топилиб, унга ушбу модда билан 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 60-моддасига мувофиқ жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг 2021 йил 15 июндаги ҳукми билан ўталмай қолган 2 йилу 7 ой 7 кун жазо муддатини қисман қўшиш йўли билан Ф.Мардановга узил-кесил 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди.

Бу муддат энди Марданов учун хулоса чиқаришга етарли бўлиб, у ўзига тегишли хулоса чиқарса ажаб эмас.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер