Маҳалланинг Фармонбибилари қаердасиз?!
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ўтган йили Фарғона вилоятида 4821 та оилавий ажрим қайд этилиб, 3540 нафар бола тирик етим бўлиб қолди. Тўғри, ажримлар сони атиги бир йил олдингига қараганда мингтага камайди. Аммо кутилмаганда битта боланинг ҳам ота ёки она меҳридан жудо бўлишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Афсуски, ажримларнинг 45 фоизи 1-5 йил давомида бирга яшаган ёш оилалар ҳиссасига тўғри келди. Ажрашиб кетаётганларнинг деярли 33 фоизи 30 ёшгача бўлганлар. Демак, ёшларни оилага тайёрлаш, янги келин-куёвлар билан кўпроқ ишлаш борасида ҳали қиладиган ишларимиз кўп.
— Ҳафтанинг ҳар шанбаси «Аҳил оила куни», ҳар ойнинг охирги душанбаси «Оилавий ажримларга қарши курашиш куни» сифатида белгиланган, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Кавлонова. — Ойлик доирасида ажрим учун ариза ёзган 520 та оила яраштирилиб, 817 нафар болажонлар етимликдан асраб қолинди. Ҳудудларда маънавий-маърифий тадбирлар, юзма-юз учрашувлар ташкил этилмоқда.
Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида шаҳар-туманлар, маҳаллалар кесимида фаолият кўрсатувчи «Оқила аёллар», «Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссия»лари таркиби қайта кўриб чиқилиб, жамиятдаги фаол ва фидойи зиёлилар, кайвони онахонлар ҳисобига янгиланди. «Оқила аёллар» ҳаракатига элу юртда юксак ҳурматга сазовор бўлган 11,5 минг нафар опа-сингилларимиз жалб этилди. «Маҳалла еттилиги» билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилди. Айни жараёнда ижтимоий тармоқ имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадида «Фарғонанинг оқила бувижонлари» гуруҳи ташкил этилди. Унда мунтазам равишда онлайн мулоқотлар, мутахассислар ва психологлар чиқишлари, нуроний ёшли бувижонларнинг панду насиҳатлари бериб борилмоқда. Шундай бўлсада, Фарғона, Қўқон ва Қувасой шаҳри ҳамда Данғара тумани оилавий ажримлар сони кўплиги учун «қизил ҳудуд» тоифасига киритилганини ачинарлидир.
— Маҳалладаги 1007 та оилада салкам икки минг хотин-қизлар истиқомат қилади, — дейди Бувайда туманидаги «Урганжи» МФЙ хотин-қизлар фаоли Сайёра Олимова. — Ўтган йили фаолларимиз билан бирга 10 га яқин ажримларнинг олдини олишга муваффақ бўлдик. Шу боис йил мобайнида бирорта ҳам оилавий ажрим қайд этилмади. Ажримларнинг олдини олишда кайвони онахонлар – маҳалламиз Фармонбибилари кўмакдош бўлмоқда.
«Янги йўл» маҳалла фуқаролар йиғини Риштон туманидан 50 километр олисда жойлашган. Ҳудуддаги 520 та оилада 865 нафар хотин-қизлар истиқомат қилади. Улар билан ишлашда ўзига хос ёндашувлар талаб этилади. Айтайлик, маҳаллада намунавий лойиҳалар асосида уйлар қурилган. Бу ерда яшовчи оилалар тез-тез янгиланиб туради. Қолаверса, ҳудудда вилоятнинг бир неча туманларидан келиб яшовчи оилаларни учратиш мумкин. Маҳалла хотин-қизлар фаоли Гулбаҳор Қорабоеванинг айтишича, ўтган йили иккита ажрим бўлди. Шу йилнинг дастлабки уч ойида ҳудудда биронта ҳам ажрим қайд этилмади. Хотин-қизлар фаоли бундай ижобий кўрсаткични йил давомида сақлаб қолишни мақсад қилган. Нима ҳам дердик, муштарак мақсад йўлида ҳамжиҳат бўлган маҳаллада ҳар қандай муаммонинг олдини олиш имконияти мавжуд. Ҳамма гап тотувликда, амалий ҳаракатга боғлиқ. Назаримизда, ажримларни олдини олиш, гўдакларни тирик етим бўлиб қолмаслиги учун маҳалла Фармонбибиларининг тажрибасидан унумли фойдаланиш зарур.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг