Маҳаллангизда кутубхона борми?
Фото: “Халқ сўзи”
Шу пайтга қадар Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги Кўксарой маҳалласида истиқомат қилувчилар ушбу саволга “йўқ”, деб жавоб беришар эди. Ваҳоланки, маҳалладаги 593 хонадонда 3104 нафар аҳоли истиқомат қилар, учта умумий ўрта таълим мактаби фаолият кўрсатар эди.
Жорий йилнинг май ойида маҳалла ўзининг янги биносига эга бўлиб, унда кутубхона учун ҳам алоҳида жой ажратилган эди. Бироқ китоб ва уларни сақлаш учун китоб жавонларининг йўқлиги сабаб, фаолият кўрсатмас, кўксаройликлар мутолаадан анча йироқлашиб қолишган эди.
Яқинда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хатирчи туман бўлинмаси ташаббуси билан маҳалла фуқаролар йиғини биносида кутубхона ташкил қилинди.
Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловида Kўксарой маҳалласи “Китобни севиш – ўзликни севиш” номли лойиҳаси билан иштирок этиб, 32 миллион 575 минг сўм грант маблағига эга бўлди. Ушбу маблағ ҳисобидан кутубхона учун мебель жиҳозлари ҳамда турли номдаги 430 дона китоб харид қилиниб, маърифат маскани ўз эшикларини очди.
— Маҳалламизда ёшлар бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар мавжуд, – дейди маҳалла раиси Илҳом Мирзаев. – Бироқ китобнинг, мутолаанинг ўрни уларнинг ҳеч бири босолмайди. Ишончим комил, ушбу кутубхона маҳалла аҳли, айниқса, ёшлар учун ўз билимларини оширишлари, маҳаллада эса китобхонликнинг оммалашишига хизмат қилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, ушбу кутубхона фаолияти “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими амалий кўмаги билан йўлга қўйилди. Шунингдек, фонднинг вилоят бўлими ва туман бўлинмалари маҳалла фуқаролар йиғинлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни компьютер техникаси ва мебель жиҳозлари билан таъминлашдаги сайъи-ҳаракатлари туфайли жорий йилда вилоятдаги 232 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг кутубхоналари 10 минг донага яқин турли мавзулардаги китобларга эга бўлишди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг