Маҳаллаларга компьютер жамланмаси ва мебеллар берилди
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 4800 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Уларнинг мурожаатларини тезкорлик билан ҳал этиш, ташвишларини енгиллаштириш фуқаролар йиғини моддий-техника базасининг нечоғли мустаҳкамлигига ҳам боғлиқ.

— Ана шуни ҳисобга олган «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бизга компьютер ва мебель тўплами ажратди, — дейди мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аваз Паноев. — Умуман олганда, тизим моддий-техника базасининг мустаҳкамланаётгани иш фаолиятимизни самарали ташкил этишда қўл келади. Ходимларга қулайлик яратади. Фуқароларимизнинг у ёки бу масала юзасидан қилган мурожаатларини имкон қадар тез ҳал этишга шароит туғдиради.
Хайрия жамоат фонди кам таъминланган, якка-ёлғиз яшовчи, ногирон фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатишда ҳам фаоллик кўрсатмоқда.
— Яқинда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди масъуллари менга ногиронлик аравачаси ҳадя қилишди, — дейди Шофиркон туманидаги Қалмоқон қишлоғида яшовчи Марям Шокирова. — Энди кўча-кўйга чиқиш, қўни-қўшнилар билан дийдорлашиш имконига эгаман. Илоҳим, барака топишсин.
Айтиш жоизки, жамоат фонди яқинда вилоятдаги бир қатор маҳаллаларга умумий миқдори 56 миллион сўмдан зиёд компьютер ва мебель жиҳозлари ажратди, бир гуруҳ эҳтиёжманд фуқароларга эса моддий ёрдам олишлари учун сертификатлар топширди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг