Маҳаллалардаги долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган ташаббус
Тойлоқ тумани ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Беҳзод Раҳматуллаев ташаббуси билан маҳаллалардаги долзарб муаммоларни ҳал этиш мақсадида ҳар бир депутатга босқичма-босқич 25 миллион сўмдан маблағ ажратиш таклифи илгари сурилган эди.
Ушбу ташаббус доирасида аҳоли томонидан, айниқса, электр таъминотини яхшилаш бўйича бир қатор таклиф ва мурожаатлар билдирилди. Хусусан, Тараққиёт маҳалласига 50 дона, Толлиота маҳалласига 40 дона ҳамда Бирлик маҳалласига 11 дона электр симёғоч устунлари ўрнатиш масаласи депутатларга етказилди.
Мазкур масалалар депутатлар томонидан ўрганилиб, доимий комиссия муҳокамасига ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси кун тартибига киритилди. Натижада ушбу таклифлар ижобий ҳал этилиб, маҳаллаларга электр симёғоч устунларини ажратиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Шунингдек, халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгаши депутати Нодир Тўраевга 11-Ғазира сайлов округида яшовчи фуқаро Абдулазиз Мардиев томонидан маҳалладаги ички йўлни асфальт қилиш, яроқсиз симёғоч устунларни алмаштириш ҳамда тунги ёритгичлар ишламаётгани юзасидан мурожаат қилинди.
Маълум бўлишича, ушбу ёритгичлар ободонлаштириш бўлими балансида бўлсада, амалда ишламаётган эди. Мурожаатни ижобий ҳал этиш мақсадида туман ободонлаштириш бўлими томонидан кўчага қуёш энергиясида ишлайдиган янги ёритгичлар ўрнатиш, туман электр тармоқлари корхонаси томонидан эса 12 та яроқсиз симёғоч устунни алмаштириш белгиланди.
— Мен депутатимизга Сариқипчоқ маҳалласига олиб келувчи асосий йўл таъмирталаб аҳволга келиб қолганини билдириб, уни таъмирлаш масаласини кўтарган эдим, — дейди фуқаро Нодира Аҳмедова. — Муаммомиз ечим топадиган бўлди. Ушбу йўл туман автойўл корхонаси томонидан яқин кунларда таъмирланиши режалаштирилган.
Шунингдек, фуқаро Асқар Ваҳобов томонидан Ғазира маҳалласининг Дўнг қишлоғидан Шакар қишлоғигача бўлган йўлни асфальтлаш таклифи илгари сурилди. Мазкур масалани ҳал қилиш мақсадида туман ободонлаштириш бўлими томонидан 2026 йилнинг иккинчи ярим йиллигида йўлни асфальтлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилгани маълум қилинди.
Бундан ташқари, жойларда аҳоли томонидан кадастр масалалари, ички йўлларни шағаллаштириш, болалар боғчаси қуриш, трансформаторларни таъмирлаш, моддий ёрдам ажратиш ҳамда ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ қатор муаммолар ҳам кўтарилмоқда. Ҳар бир мурожаат депутатлар томонидан тегишли ташкилотлар кесимида ўрганилиб, уларнинг ижроси устидан доимий назорат ўрнатилмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг