Наманганда яна 13 та МФЙ идораси ўзининг замонавий биносига эга бўлди

18:23 24 Март 2023 Жамият
798 0

Фото: Халқ сўзи

Бугунга кунда аҳоли муаммоларига ечим топиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашида маҳалла фуқаролар йиғинларининг иштироки  ортиб бормоқда. Айни пайтда Наманган вилоятида 791 та ўзини  ўзи бошқариш органлари ташкил қилинган бўлиб, уларнинг фаолият кўрсатишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётир.  Буни вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларининг саъй-ҳаракати билан 650 та маҳалла фуқаролар йиғини  ўз биноси,  мебеллар, компьютер  ва бошқа зарур жихозлар билан таъминланган хоналарига эга бўлганида кўриш мумкин.

Шу ўринда ўз хизмат биносига эга бўлмаган  йиғинларнинг  фаолият юритишлари учун  вақтинчалик бино билан таъминлаб берилгани, уларнинг  59 тасига янги  бино қурилиши  олиб борилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Умуман олганда, жорий йил якунига қадар яна 76 та МФЙ идораси учун замонавий бинолар барпо этиш  режалаштирилган.

Халқимиз шоду-ҳуррамлик билан нишонлаган Наврўз байрами арафасида  шаҳар ва туманлардаги  7 та маҳалла фуқаролар йиғинига  қурилиши якунланган хизмат бинолари тантанали равишда топширилди. Бу билан жорий йилнинг ўтган даврида битказилган идора бинолари сони 13 тага етди.

Улардан бири Учқўрғон туман “Деҳқонобод” маҳалла фуқаролар йиғини биноси  “Обод қишлоқ дастури”  асосида тикланди.  600 миллион сўм маблағ эвазига қуриб битказилган иншоотда йиғин раиси, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори учун алоҳида-алоҳида хоналар мавжуд бўлиб, ҳар бири  замонавий моддий-техника воситалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланган. Тўрақўрғон туманидаги мослаштирилган жойда иш олиб бораётган  Дукат МФЙ ҳам ўз биносига эга бўлди.  Ҳудудда истиқомат қилувчи тадбиркор Файзулло  Йўлдошевнинг давлат хусусий шерикчилик асосида қуриб берган биноси фойдаланишга топширилган куни “Маҳалла” фонди бу ерга  15 миллион сўмлик мебель ва бошқа идора жиҳозларини совға қилди.

-Вазирлар Маҳкамасининг "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мажмуаларини ташкил этиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган манзилли дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги  қарорига асосан тайёрланган худудий дастурга  290 та маҳалла биноси қурилиши киритилиб, шундан 236 таси давлат-хусусий шериклик асосида, 54 таси маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан барпо этилади, -дейди вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Аълохўжаев. - Бугунги кунга қадар қарор талабларидан келиб чиқиб 75 та давлат-хусусий шериклик асосида, 34 та  маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан янги  бинолар қурилди. Уларни  жиҳозлаш ишларига   “Маҳалла” хайрия жамоат фонди яқиндан ёрдам бермоқда. Бундан ташқари  ҳар бир маҳалланинг ўз спорт майдончаси ва кутубхонасига эга бўлиши йўлида ҳам амалий ишлар олиб борилаётир.  Ҳусусан, вилоятдаги 724 та ўз ўзини бошқариш органларида кутубхона ташкил қилиш  учун 28960 та китоблар етказиб берилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер