Маҳалладаги 50 гектар майдонда лимонзор барпо этилмоқда
Фото: «Халқ сўзи»
Бозори чаққон мевалар ҳақида сўз очилса, кўз олдингизга энг аввал шифобахш лимон келиши тайин. Шу нуқтаи назардан лимончиликни ривожлантиришга эътибор кучайтирилаётгани айни муддао. Бухоро вилоятининг чекка гўшаси - Қоровулбозор тумани ҳам бундан мустасно эмас.
Тумандаги «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бир гуруҳ ташаббускор тадбиркорлар томонидан жами 50 гектар ерда лимонзор барпо этиляпти. «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида амалга оширилаётган бу лойиҳани Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаяпти. Лойиҳанинг умумий қиймати 79 миллиард сўм бўлиб, ҳар бири ярим гектардан иборат 76 та иссиқхона қурилиши кўзда тутилган. Бу минг нафарга яқин кишини иш билан таъминлаш имконини беради.
— Ушбу цитрус мевани етиштиришдан одам росманасига барака топади, — дейди Бухорода бутун бошли лимончилик мактабини яратган Нусрат Саидов. — Буни мен ўз ҳаётим мисолида айтаман. Дейлик, атиги тўрт сотих ерда 50 туп лимон кўчати ўтқазган киши парваришни рисоладагидек олиб борса, икки тоннадан ошириб ҳосил етиштириши мумкин. Қоровулбозорда барпо этилаётган лимонарийларга келсак, ишончим комил, бу ерда етиштирилган лимоннинг ҳам хорижда бозори, албатта, чаққон бўлади.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг