Маҳаллада тил байрами ўтказилди
Фото: Халқ сўзи
Улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлоний «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадиган ойинайи ҳаёти тил ва адабиётдур. Миллий тилни йўқотмак миллат руҳини йўқотмакдир», деган эди.
Дарҳақиқат, тил — бу ўзлигимиз, бебаҳо бойлигимиз. Ҳар қандай миллат, аввало, ўз тили, қадриятлари, анъаналари билан ғурурланади.

— Мамлакатимизда она тилимизга давлат тили мақомининг берилиши, унинг мавқейини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар, ҳеч шубҳасиз, ёшларнинг Ватанга бўлган меҳру муҳаббатларини кучайтиришга хизмат қилади, — дейди Бухоро давлат университети ҳузуридаги Бухоро давлат педагогика институти ўқитувчиси М. Болтаева. — Биз шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда маҳаллаларда тил байрамларини ўтказиш анъанасини йўлга қўймоқдамиз.
Институт жамоаси томонидан ташкил этилган «Тил – миллат фахри» мавзусидаги ана шундай бадиий кечалардан бири Бухоро шаҳридаги 30- маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилди. Кечада ўқитувчи-зиёлилар, талабалар, хотин-қизлар фаоллари билан бир қаторда маҳалланинг ибратли оилалари, турли миллат вакиллари қатнашдилар.
Байрам педагогика институти 2-босқич ўзга тилли гуруҳларда рус тили йўналишида таҳсил олаётган талабалар томонидан ижро этилган рақс, қўшиклар билан бошланди. Ўзбек тилини мадҳ этувчи шеърлар ёд ўқилди. Маҳалланинг фаол онахонлари лапарлар айтишди. Талаба-ёшлар нафақат ўзбек, балки қорақалпоқ, рус, инглиз ҳамда турк тилларида ҳам чиқишлар қилиб барчага яхши кайфият улашдилар.
— Маҳаллалар билан ҳамкорликда ўтказилаётган бундай тадбирлар қадриятларимиз, жумладан, она тилимизни асраб-авайлаш, унинг нуфузини ошириш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади, — дейди Бухоро педагогика институти ўқитувчиси З. Салихова.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг