Маҳаллада сув таъминоти яхшиланмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Бугун Марҳамат туманидаги Шомат маҳалласи аҳолисининг қувончи чексиз. Боиси, бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари уларнинг турмуш шароитини тубдан ўзгартириб юборди. Жумладан, сўнгги 50 йилда эътибор қаратилмаган кўчалар эндиликда асфальтланди.
— Тўғриси, ишонгинг келмайди одамнинг, — дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Нишонбой Абдуллаев. — Ахир, маҳалламиздаги мавжуд 6 та кўчанинг барчасига асфальт босилди. Йўлимиз равонлигидан ҳар куни тонгда оқсоқоллар беш минг қадам пиёда юришни одат қилдик.
Маҳалланинг 3 километрдан иборат ички йўли ҳавас қилса арзигулик даражага келтирилди. Электр таъминоти билан боғлиқ масалалар ҳам бирин-кетин ижобий ечим топмоқда. Шу кунгача 10 та трансформаторда жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 120 та эски симёғочлар темир-бетон таянчларга алмаштирилди. 450 та хонадонда таъминот сифати яхшиланди.
— Ичимлик сувини олисдан ташиб келардик, — дейди меҳнат фахрийси Нурияхон Алибоева. — Ҳозирда 700 млн. сўм маблағ эвазига 5 км. масофага янги сув қувури тортилиб, 1 та сув қудуғи ўрнатилди. Натижада 1,5 минг нафар аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилди. Шу билан маҳалла аҳолисини сув билан таъминлаш 85 фоизга етди. Айни пайтда қурилиш ишлари давом этмоқда. Тез орада маҳалламизда сув таъминоти 100 фоизга кўтарилади.
Бу каби хайрли ишларни амалга оширишда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” тамойили асосидаги ҳаракатлар ўз самарасини берди. Қолаверса, “Очиқ бюджет” орқали маҳалладаги мактабга янги спорт зали қурилди. “Ифтихор” кўчаси тўлиқ асфальтланди.
— Буларнинг барчаси республикамизда аҳоли турмуш шароитини яхшилашга бўлган эътиборнинг амалдаги ифодасидир, — дейди маҳалла раиси Дилшодбек Сотволдиев. — Кўрсатилган эътибор натижасида ҳудудимиз инфратузилмаси тубдан яхшиланди.
Юзага келаётган ижобий ўзгаришларга жавобан аҳоли томорқадан унумли фойдаланиш, ҳовли-жойларни озода сақлаш, ободонлаштириш ишларида жонбозлик кўрсатмоқдалар.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг