Маҳаллада «Саломатлик мактаби»

18:10 15 Июль 2022 Жамият
1506 0

Фото: Халқ сўзи

Қарши шаҳридаги «Хонтепа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган «Саломатлик мактаби»да аҳоли ўртасидаги юрак қон-томир ва эндокрин касалликларининг олдини олиш ҳамда тўғри овқатланиш орқали саломатликни муҳофаза қилиш юзасидан ўқув-амалий машғулотлар олиб борилмоқда.

— Саломатлик машғулотларига 2 минг нафарга яқин маҳалланинг 18-20 ёшдан 65-70 ёшгача бўлган фуқаролари қатнашмоқда, — дейди Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондининг Қашқадарё вилоят ҳудудий муассасаси раҳбари Қаноат Азизов. — Маълумки, муассасамиз 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағи ҳисобидан мазкур маҳаллада аҳоли орасида соғлом турмушни қарор топтириш бўйича қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, «Эъзозли аёллар» гуруҳи ташкил қилинди. Гуруҳга жалб қилинган аёллар билан тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик асослари, кун тартибини ташкиллаштириш, кексаларда овқатланиш меъёрлари, шахсий ва хонадон гигиенаси қоидалари каби мавзуларда давра суҳбати ва семинарлар ўтказилди.

Грант лойиҳаси доирасида маҳаллада душанба - Стрессга қарши кураш, сешанба - Туз ва шакарни чеклаш, чоршанба - Тамакига қарши курашиш, пайшанба - Соғлом овқатланиш, жума - Пиёда юриш ва шанба - Саломатлик куни сифатида номланиб, кун мавзусига мос тарзда турли мусобақалар, гимнастика машқлари, «Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам» сингари тадбирлар ўтказиляпти. Шунингдек, аҳолига инфаркт, инсульт, қандли диабет, гипертония каби касалликларнинг олдини олиш юзасидан буклет ҳамда тарқатма материаллар тақдим этилмоқда.

 

Фахриддин БОЗОРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер