«Маҳаллабай» ишлаш тизими халққа нима беряпти?
Ҳар қандай ислоҳот фуқаролар манфаатига хизмат қилиши керак. Бунинг учун эса амалдаги ҳаракатлар қуйидан бошланмоғи мақсадга мувофиқдир. Зеро, Ватан оиладан, маҳалладан бошланади, деган ибора бор. Шундай экан, биз яшаётган ҳудуд ўзида юртимиз аксини намоён этади. Масалага шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, кейинги йилларда нафақат, маҳаллага, балки, ҳар бир хонадонга бўлган эътибор ҳамюртларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлади, десак муболаға бўлмайди. Бунинг натижасида узоқ йиллардан буён ўз ечимини кутиб турган муаммолар ижобий ечим топа бошлади. Масалага янада чуқурроқ кириб бориш, камчиликларнинг туб илдизига болта уриш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаб, мамлакатда ҳар соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигига эришиш учун «маҳаллабай» ишлаш тизимининг жорий этилиши бу борадаги жараённинг янги босқичини бошлаб берди.

Андижон туманида ҳам янгича ишлаш тизимини жорий этиш мақсадида 77 та МФЙларида масъул ходимлардан иборат доимий вакиллар бириктирилди. Улар томонидан мавжуд 50 минг 376 та хонадонларда хатлов ўтказилди. Натижада ҳамюртларимизни қийнаб келаётган ҳақиқий муаммолар бўй кўрсатди. Тан олиш керак, республикамизда аҳолини энг кўп қийнаётган масалалардан бири ишсизликдир. Андижон туманида олиб борилган ўрганишлар жараёнида ҳам 19 минг 483 нафар фуқароларнинг ишсизлиги қайд этилди. Бироқ бу уларнинг ҳаммаси ҳам фойдали ижтимоий меҳнатга муҳтож дегани эмас. Жумладан, қайд этилганлар билан юзма-юз бўлиб ўтган суҳбатда уларнинг 3 минг 842 нафари доимий иш жойига эга бўлиш истагида эканлигини маълум қилдилар. Амалий ҳаракатлар натижасида шу кунгача уларнинг 1 минг 267 нафари доимий иш жойига эга бўлдилар.
— Хатлов жараёнида мавжуд маҳаллаларнинг 120 тасида «Ўсиш нуқталари» аниқланди, — дейди туман ҳокимлиги Матбуот хизматининг раҳбари Маҳфурахон Ортиқова. –Бу ерда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш эвазига йил якунига қадар 8 минг 436 та янги иш ўринларини яратиш имкони мавжуд.
«Маҳаллабай» ишлаш тизими ишсизларни иш билан таъминлабгина қолмасдан, балки, улар орқали янги иш ўринларини яратишга ҳам имкон бермоқда. «Ўзбекистон» массивида барпо этилаётган «Ёшлар кичик саноат ҳудуди»да ўз лойиҳасини тақдим этган Аббосбек Омаджонов фаолияти бунга мисолдир.
— Ҳозир ким мени ишга оларкин, деб таклифнома кутиб ўтирадиган замон эмас, — дейди Аббосбек биз билан суҳбатда. –Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, ақлимиз ва салоҳиятимизни ишга солишимиз керак. Мен ҳам юртимизда ташкил этилган йирик саноат корхоналари фаолиятини ўрганган ҳолда ўзимнинг кичик ишлаб чиқариш цехимга асос солишни ихтиёр этдим. Бунинг учун 250 миллион сўмлик лойиҳа ишлаб чиқдим. Туман ҳокимлиги амалий кўмак беришга рози бўлди. Бунинг натижасида ўзим қатори яна тўрт нафар тенгдошларимни иш билан таъминлай оламан.
Дарвоқе, 6 гектар майдонда барпо этилаётган 35 млрд. 300 млн. сўмлик лойиҳа асосидаги «Ёшлар кичик саноат ҳудуди»да тез орада 40 та тадбиркорлик фаолиятига асос солинади. Натижада 1 минг 60 та янги иш ўрни барпо этилади.
Айтиш жоизки, ҳамюртларимиз азалдан ҳунармандчилик орқали даромад манбаини шакллантириб келганлар. Бугунги кунга келиб ҳам бу каби анъаналар давом этмоқда. Жумладан, «Завроқ» маҳалласида истиқомат қилувчи хотин-қизлар ҳам ҳунармандчилик билан машғуллар. Улар орасида кўрпа-тўшак тайёрлаб, ўз харидорларига эга бўлганлари ҳам бор. Бироқ, ҳар бир ишда мувофиқлик жуда муҳимдир. Қолаверса, ишлаб чиқариш кўлами қай даражада бўлишидан қатъий назар маркетингга бўлган эҳтиёж ҳамма даврда муҳим аҳамият касб этган. Ҳунарманднинг маркетинг хизмати эса унинг савдо нуқтасидан бошланади. Афсуски, «Завроқ»лик опа-сингилларимиз шу пайтгача ўз маҳсулотини йўл ёқасига ёйиб қўйиш орқали сотганлар. «Маҳаллабай» ишлаш тизими ҳунармандлар ва уларнинг харидорлари учун қулайлик яратиш мақсадида енгил конструкцияли савдо дўконларини барпо этиш имконини берди.

—15 йилдан буён келиним Одинахон билан кўрпа-тўшак тайёрлаб, сотаман, — дейди «Шохи Зинда» кўчасининг 164-уйида истиқомат қилувчи Минурахон Қодирова. –Харидорлар маҳсулотимизни уйимиздан олиб кетишади. Уларга сифатли хизмат кўрсатиш учун дўкон қуриш таклифи билдирилган эди бажонидил қабул қилдик. Бунинг учун кредит маблағи ажратиладиган бўлдик. Ҳисоб-китоб қилиб кўрсак махсус дўконимизни очганимиздан сўнг сотув ҳажми бир неча баробарга ортар экан. Бу эса хонадонимизда ҳунармандлар сонини оширишга ва кўпроқ даромад топишга шароит яратади.
Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан энг аввало, халқимиз миннатдор бўлмоқда. Ахир, кечагина тирикчилик пайида қўшни давлатларда меҳнат қилишларига тўғри келган аксарият фуқароларнинг ҳузурига шахсан сектор раҳбарларининг ўзлари келиб, «Сенга қандай шароит яратиб берайлик?» дея юзланишлари кимнинг хаёлига келган эди, дейсиз! Гап туман «катта»ларининг уйма-уй юриб ҳол-аҳвол сўрашида эмас, бунинг натижасида аҳолини даромадга йўналтиришдадир. Буни тўғри тушунган фуқаролар ўринли таклифлар билан юзланмоқдалар.
— Хонадонимизда 4 та оила яшайди, — дейди «Султонобод» МФЙда яшовчи Умидахон Ҳамроқулова. -Отам ва онам нафақада. Акам Мансурбек мавсумий ишчи, Носиржон мебель цехида ишлайди, иккала келинимиз ва мен ишсиз эдик. «Маҳаллабай» ишлаш тизимини ташкил этиш аввалидаги хатлов жараёнида деҳқончилик қилиш истагини билдирган эдим. Истагимиз амалга ошди. Энди бу ердан самарали фойдаланиб, оиламиз даромадини оширишга ҳисса қўшаман.
Бу халқ меҳнатда тобланган. Унинг ақлу заковати ила тошдан гуллар унади ҳали. Муҳими, озгина далда, кўмак бўлса кифоя. Ҳукуматимиз эса ана шу «озгина» кўмакка ҳам кифоя қилмай катта имконият эшикларини очмоқда, етарли шароит яратяпти. Бундан унумли фойдаланган ҳамюртларимиз, нафақат, ўз оиласи, балки, мамлакат иқтисодиётини юксалтиришга ҳам улкан ҳисса қўшади. Бу борада «маҳаллабай» ишлаш тизими истиқболли манзилга бошлаши, табиий!
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг