Маҳалла ёшларига янги қулайликлар яратилди

18:36 31 Январь 2024 Жамият
346 0

Марказий Фарғона ҳудудида жойлашган Ёзёвон туманининг энг олис маҳаллаларидан бири Янгибўстон 1982 йилда атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов ташаббуси билан ташкил этилган. Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби кейинги йилларда ушбу маҳаллада ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти.

Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш борасида давлат дастурлари доирасида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йили 60 ўринга мўлжалланган 25-давлат мактабгача таълим ташкилоти учун замонавий бино қурилди. Шу кунларда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси доирасида маҳалладаги 33-умумтаълим мактабига 1 млрд. 169 млн. сўм маблағ сарфланиб, қуриб битказилган янги спортзал фойдаланишга топширилди.

— Бу маҳалланинг ўзига хос тарихи бор, — дейди Ёзёвон тумани ҳокими ўринбосари Мирзоҳид Ҳотамов. — Бугун маҳалла ёшлари ихтиёрига топширилаётган ушбу муҳташам иншоот спорт билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Ишонамизки, яқин истиқболда Янгибўстондан ҳам чемпионлар етишиб чиқади.

Тантанали тадбир қатнашчилари янги спорт залида яратилган шароитлар билан танишиб, мактаб ўқувчиларининг турли чиқишларидан баҳраманд бўлишди.

Айтиш жоиз, туман мактабларида спорт заллари сони 32 тага етди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер