Маҳалла — халқ ва давлат ўртасидаги кўприк

14:49 15 Январь 2024 Жамият
1155 0

Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Бухорода вилоят маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашининг ташкилий йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда мазкур ҳужжатлар ижроси йўлидаги устувор вазифалар хусусида маъруза қилган вилоят ҳокими, вилоят Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раиси Б. Зарипов таъкидлаганидек, юқоридаги Фармон ва қарор маҳалла институтининг жамиятимиз ҳаётидаги аҳамиятини оширишда муҳим роль ўйнайди. Зеро, эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органида солиқчи ва ижтимоий ходим ҳам қўшилиб, иш “еттилик” тарзида олиб борилади. Соҳада бир қатор янгилик ва ўзгаришлар ҳам юз беряпти. Янги ташкил этилаётган Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси зиммасига маҳалланинг халқ билан давлат ўртасида кўприк вазифасини ўташ масъулияти юкланмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда йиғилишда тегишли Фармон ҳамда қарор мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.

— Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган янгилик ва ўзгаришлар маҳалланинг халқчил тузилмага айланишига хизмат қилади, албатта, — дейди тадбир қатнашчиси, Қоракўл туманидаги “Полвонлар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Малика Ражабова. — Маҳалла бу Ватан ичра бир ватан саналади. Ўғил-қизларимизнинг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб вояга етишида маҳалланинг ўрни катта. Одамларнинг қувончу ташвишларидан хабардор бўлмоқ эса асосий вазифамиздир. Негаки, биз маҳалладошларимиз ташвишларига шерик бўлсаккина, юрагимиз “жиз” этсагина улар муаммоларини ҳал қила оламиз. Тажрибамдан яхши биламан: Оддий бир фуқаронинг елкасига қўлингизни қўйиб, “Турмушингиз қандай кечяпти, қандай муаммоларингиз бор?”, дея сўрашнинг ўзиёқ унга руҳан далда бўлади. Вилоятимизда 544 та маҳалла бор. Бу жуда катта куч. Агар ҳамжиҳатликда ишласак, халқимиз биздан рози бўлади, одамларнинг маҳаллага ишончи ортади.

Тадбирда давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йилнинг 22 декабрида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган маҳалла тизими фаоллари зиммасидаги устувор вазифалар юзасидан ҳам фикр-мулоҳаза билдирилди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси таъсис конференциясига делегатлар сайланди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер