“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманганда 50 та маҳаллага мебеллар тўплами ва компьютер жамланмаси совға қилди

23:11 19 Август 2023 Жамият
928 0

Фото: Халқ сўзи

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғоя асосида жойларда ташкил этилаётган байрамолди тадбирларида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, куни кеча фонд томонидан Наманган вилоятида бир қатор ижтимоий ва хайрия тадбирлари ташкил этилди. Норин туманидаги 2576 нафар аҳоли истиқомат қилаётган “Ровот” маҳалла фуқаролар йиғини учун бюджет маблағлари ҳисобидан қуриб битказилган идора биносини расмий очилиш маросимида йиғинга замонавий мебеллар тўплами топширилди. Шундан сўнг ушбу маҳалла фуқароси – Чернобил фожиасини бартараф этишда ўз ҳиссасини қўшган ва ҳозирги кунда тез-тез даволаниши сабабли оиласида молиявий муаммоларга дуч келган Ҳасан Мамажонов хонадонига маиший техника, озиқ-овқат ва кийим-кечаклардан иборат байрам туҳфалари билан кириб борилди.

Энг улуғ ва энг азиз байрам арафасида янги бинога эга бўлган Тўрақўрғон туманидаги “Сарой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам фонд томонидан тақдим этилган мебеллар билан жиҳозланиб, компьютер жамланмасини қабул қилиб олди. Шу куни йиғиннинг Зиёратгоҳ кўчасида истиқомат қилаётган боқувчисини йўқотган Дурдона Орипова оиласига 10 миллион сўмлик миқдорда қурилиш материаллари ва уч нафар фарзанди учун устки кийимлар берилди.

Хайрли иш Наманган шаҳридаги “Нуроний” марказида давом эттирилиб, вилоятдаги 50 нафар маҳалла фуқаролар йиғинларига фаолиятда фойдаланиш учун мебеллар ва компьютер жамланмалари тақдим этилди.

— Мамлакатимизда ўзини ўзи бошқариш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди фонднинг республика бошқаруви раиси Дилшод Усмонов. — Айни жараёнда “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойилини амалга ошириш учун фуқаролар йиғинларида меҳнат қилаётган бешлик бугунги куннинг ислоҳотлари билан танишиб, фуқаролар билан самарали иш олиб боришларида бугун топширилаётган замонавий жиҳозлар яхшигина ёрдамчи бўлади.

Айтиш жоиз, Наманган вилоятида бугунги кунда 788 та маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолият кўрсатиб, уларнинг асосий қисми барча шарт –шароитлар яратилган биноларда жойлашган. Кейинги пайтда вақтинчалик ёки мослаштирилган биноларда ишлаётган маҳаллаларнинг 24 тасига замонавий бинолар қуриб берилди. Шу йил охиригача яна ўнта МФЙ учун янги бинолар қурилиб, ишга туширилиши режалаштирилган.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер