Лукашенко «қулоқсиз» элчини орден билан тақдирлади
Беларус Президенти Александр Лукашенко словак элчиси Йозеф Мигашни ўз мамлакатининг нуфузли мукофоти — Франциск Скорина ордени билан тақдирлади. Дипломат икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни ва ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшгани учун ана шундай эътиборга лойиқ кўрилди. Бу ҳақда Белта хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Мигашнинг шу йил 9 май куни Минскда ўтказилган Ғалаба парадида иштирок этиши расмий Братиславага ёқмаган эди. Ўз мамлакатида бу борада билдирилган норозиликдан сўнг словак дипломати 12 май куни истеъфо берган ва унинг аризаси Словакия ТИВ томонидан қаноатлантирилган эди.
«Одамда ғурур битта бўлади. Сен лавозимингга бу қадар маҳкам ёпишиб олмаслигинг керак», — дея бунга муносабат билдирганди Мигаш.
Лукашенко эса элчининг парадга келишини «муносиб ҳаракат» дея эътироф этар экан, унинг истеъфосига «халқаро шармандалик» деб баҳо берганди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг