Лўғумбекда 8 тонна сумалак тайёрланди
Фото: Халқ сўзи
Андижон вилояти Избоскан туман ҳокимлиги ташаббуси билан Лўғумбек қишлоғида 8 тонна сумалак тайёрланди. Бунинг учун 7,7 тонна оғирликдаги қозон, 3,2 тонналик ўчоқ ҳозирланди. Сумалак тайёрлаш учун 5,5 тонна буғдой, 4,5 тонна ун, 2 минг литр пахта ёғи, 7 минг литр сув, 200 кг тош ва 20 кг ёнғоқдан фойдаланилди. Жараённи ўз кўзи билан кузатиш мақсадида узоқ-яқиндан меҳмонлар ташриф буюрди.

— Лўғумбекдаги маданият ва истироҳат боғида 8 тонналик сумалак тайёрланишини эшитиб, ҳайратланиб қолдим, — дейди Қирғизистон Республикасининг Жалолобод шаҳридан келган Сайрам Нургулова. —Бу менинг ҳаётимдаги энг ёрқин лаҳзалардан бирига айланди. Боиси, дошқозон баҳонасида турли миллат вакиллари Наврўз байрамини кўтаринки руҳда нишонламоқдамиз. Тадбир ҳақиқий халқ сайлига айланди.
Аҳамиятли томони шундаки, сумалак тажрибали ошпазлар томонидан эмас, балки тумандаги «Бештерак» маҳалласида яшовчи 20 нафар аёллар бошчилигидаги маҳаллий хотин-қизлар иштирокида тайёрланди. 25 минг нафардан зиёд ҳамюртларимиз иштирокидаги тадбирни мароқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида 8 та саҳна, 90 та сўри ҳозирланди. 10 та қозонда турли ҳудудларга хос палов дамланди. Туманда камол топган 8 нафар жаҳон чемпионлари эса спортнинг 15 тури бўйича беллашувлар ташкил этиб, байрамга файз киритдилар. Сумалак довруғини эшитган Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистондан келган меҳмонлар тадбир юқори даражада ташкил этилганини, айниқса, унда аҳоли уюшқоқлигини алоҳида эътироф этдилар.
Кўпчиликнинг меҳнати ва меҳри қўшилган сумалак барча меҳмонлар ва Избоскан тумани аҳолисига тарқатилди.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг