Литвада Ўзбекистон савдо уйи очилади

23:18 10 Май 2024 Жамият
332 0

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегацияси Литвага амалий сафари давомида Клайпеда шаҳридаги «BEGA» компанияси раҳбари Лаймонас Римкус билан учрашди.

Лаймонас Римкус бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳар томонлама ривожланаётганини, шунингдек, дунёдаги маҳсулотларга мос равишда рақобатбардош миллий товарлар ишлаб чиқарилаётганини эътироф этди. «Ўзбекистоннинг Европа мамлакатларига амалга оширилаётган экспорт ҳажми тобора ошиб бораётганини инобатга олиб, Литва компаниялари ўзбек тадбиркорлари билан алоқаларни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирмоқда. Шунингдек, Латвия ва Литва давлатлари орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига ўтаётган ўзбек маҳсулотларининг экспорт ҳажми ҳам ошиб бораяпти», деди у.

«BEGA» компаниясининг имкониятлари билан танишиш чоғида корхонада барча зарур порт инфратузилмаси яратилгани, кимё, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа турдаги юк маҳсулотларини ташиш ва тўплаш учун замонавий автоматлаштирилган технологиялари мавжуд эканлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, компания жойлашган майдон 4 гектардан ортиқ, темир йўлга уланган ва Ўзбекистондан келадиган барча транспортларга қисқа муддатда хизмат кўрсата олиш имкониятига эга.

Музокаралар давомида компания омборлари ва ташкил этилаётган Ўзбекистон савдо уйининг биносини ижарага олишнинг тартиблари, қонуний жиҳатлари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида жорий йилнинг 24-27 май кунлари Клайпеда шаҳрида Ўзбекистон савдо уйини расмий очилиш маросимини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

«BEGA» компанияси 1992 йили ташкил этилган. Компания юк ташиш, юклаш ва тушириш, вақтинча сақлаш хизматларини кўрсатадиган Болтиқбўйидаги йирик замонавий порт корхоналардан бири ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер